Нега давлат тили ягона бўлмаслиги керак? Тил бу давлат рамзларидан биридир. Байроғимиз ягона, гербимиз ягона, мадҳиямиз ягона. Демак, тилимиз ҳам ягона бўлмоғи шарт!

Ўз тилига инглиз ва рус тилларини аралаштиришга зўр бериб гапирадиган танишларим йўқ эмас. Улар бу сўзлаш усули билан гўё ўзларини “замонавий” эканликларини ёки кўпроқ тилларда сўзлаша олишини кўз-кўз қилмоқчи бўладилар. Бу ҳолатни деярли барчангиз йўл-йўлакай, иш ва ўқиш жараёнида, бозор ва шунга ўхшаш гавжум жойларда гувоҳи бўлгансиз. Бироқ шу каби “замонавий” ҳамюртларимизга “Нега она тилимизга ҳурмат кўрсатмаяпсиз?” деб танбеҳ бермаганмиз. Ундан бунинг учун изоҳ сўрамаганмиз. Ҳеч бўлмаганда, бу иши хато эканини бир оғиз айтиб қўймаганмиз.

Ҳаммасидан ҳам биз учун бу одатий ҳолга айланиб қолгани ачинарлидир. Буюк бобокалонимиз Абдурауф Фитрат бундан 101 йил муқаддам, яъни 1919 йил 12 июн “Иштирокиюн” рўзномасида тилимизни бой, аммо бахтсиз эканини бирма-бир изоҳлаб берган экан. Тилимизнинг бахтсизлиги ўзимиздан эмасми? Аслида жамоат жойларида она тилимизни бузиб гапириш, бу уят бўлиши керак.

Гўёки, аксирганимизда, йўталганимизда одамлардан қанчалик хижолат тортсак, она тилимизни бузиб, ажнабий тилларга қориштириб ташлаётганимизда бундан минг чандон кўпроқ уялишимиз керак. Демак, тилга ҳурматни жамиятга одоб қоидаси сифатида сингдириш ҳам лозим.

Ватани, аждодларидан ғурурланган одам ўз тилини ҳам ҳурмат қилиши керак. Қачонгача бекатни “астановка”, озиқ-овқат маҳсулотларини “продукта” деймиз? Аллақачон “зато”, “только” каби кундалик қўллашга одатланиб қолган сўзлардан воз кечишимиз керак эди. Тилга ҳурматни ҳаммамиз ўзимиздан, ўз оиламиздан бошлашимиз лозим. Менинг назаримда, тилимизга ҳурмат кўрсатишни қонун билан мустаҳкамланишини кутиш шарт эмас эди. Тилга муҳаббат онамизга бўлган муҳаббат каби қалбимизда ниш урмоғи жоиз, аслида. Онамиз ягона, Ватанимиз ягона, демак, тилимиз ҳам ягона бўлиши адолатдандир. Ҳазрати аждодларимиздан, бобо-момоларимиздан мерос бўлиб келган тилга асло бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ.

Президент ташаббуси билан 21 октябр – Ўзбек тили байрами, дея эълон қилинди. Эндиликда бу кунни халқимиз умумхалқ байрами сифатида нишонлайди. Бу қарор тилимизнинг мақому мартабасини оширди. Унинг эъзозини, мавқеини яна бир неча поғонага кўтарди. Шу ўринда Адлия вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган бирорта давлат ташкилоти иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаса, ўша ташкилотнинг мансабдор шахсига жарима солиниши белгиланган қонун лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватлайман. Бу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда ҳар ким ҳар хил фикрлар билдирмоқда.

Ушбу қонунни ниҳоятда адолатли ва, ўз ўрнида, муҳим қарор деб ҳисоблайман. Нафақат давлат ташкилотлари, балки юртимизда фаолият юритаётган барча ташкилотлар давлат тили – ўзбек тилида иш юритиши шарт бўлиши керак. Шу юртнинг оддий фуқароси, ёш ижодкор сифатида она тилимизни қадр топишига интилаётган барча зиёлиларни қўллаб-қувватлайман. Тилимизга бўлган ҳурматни виждоним олдидаги бурчим деб биламан.

Мамлакатимизда она тилимиз равнақига берилаётган эътибор – миллий тикланишдан миллий юксалиш сари илдам бораётганимизни тасдиқлайди. Бебаҳо қадриятларимизни ўзида жо этган тилимиз – ўзбек тилини бахти учун ҳар биримиз масъулиятни сезишимиз ва зиммамизга олишимиз керак. Унга ҳурматни кундалик фаолиятимиздаги сўзлашиш усулимизни назорат қилишдан бошласак тўғри бўлади.

Илк бора айтилган сўзим ҳурмати,

Номингга онамни қўшиб айтаман,

Она тилим дейман виждон матлаби,

Сенсиз мен ким бўлдим, кимман, қайдаман...

 Камола Абдувалиева,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси фаоли, журналист.

© Namangan24.uz

--> -->