Ўзбекистон 2030 йилгача вирусли гепатитдан холи ҳудудга айланади
Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига кўра, Ўзбекистон 2030 йилга қадар вирусли гепатитдан холи ҳудуд мақоамига эга бўлади. Бу борада Ҳукумат томонидан махсус дастур ишлаб чиқилиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақида Санэпид қўмита масъул ходими Мафтуна Саидова бугун Фарғона шаҳрида Корея Республикасининг "KOFIH" халқаро фонди билан ҳамкорликда бошланган “Аҳоли ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, аҳоли хабардорлигини оширишда оммавий ахборот воситалари вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш” мавзусидаги икки кунлик тренингда маълум қилди.
Таъкидлаб ўтилганидек, онкологик касалликлар инсоният бошига жиддий ташвиш келтираётган, ёшариб бораётган хавфли хатарлардан биридир. Ушбу хасталик асосан яширин тарзда кечиши сабабли ҳар бир инсон ўз соғлигига бефарқ қарамасдан ўз вақтида шифокор кўриги ва тиббий текширувлардан мунтазам ўтиб туриши керак.
Биринчи навбатда, Президентимизнинг 2022 йил 16 майдаги ПҚ-243-сон қарорига кўра, барча шаҳар, туман марказий ва оилавий поликлиникаларда гепатит B, C, D учун бепул текширувлардан ўтиш керак. Бу энг аввало, аҳолини онкологиянинг келиб чиқишига сабаб бўладиган хавфли юқумли касалликларнинг барвақт олдини олиш ва уни профилактика қилишда яхши самара беради.
Семинарнинг илк кунида онкологияни келтириб чиқарувчи сабаб ва оқибатлар, қолаверса вирус ва вакциналар ҳақида Санэпид қўмита, Вирусология илмий текшириш институти эксперт-мутахассислари иштирокида фойдали маърузалар тингланмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
© namangan24.uz