Наманган вилояти жамоатчилиги оғир жудоликка учради: Ўзбекистон Қаҳрамони, умрини қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга бағишлаган фидойи инсон Абдураим Хомидов 82 ёшида вафот этди.

Абдураим ҳожи Хомидов 1943 йилда Тўрақўрғон туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1960 йилданоқ тумандаги «Ўзбекистон» жамоа хўжалигида механизаторликдан бошлаган. Сўнгра ширкат хўжалиги пудратчиси, 2007 йилдан узоқ йиллар мобайнида «Шаҳанд ҳумо қуши» фермер хўжалиги раҳбари сифатида самарали меҳнат қилди. 2017 йилдан бери эса меҳнат фахрийси эди.

Абдураим Хомидов фермерлик ҳаракатининг фидоий вакили, ташаббускори сифатида пахтадан юқори ҳосил олиш бўйича ўзига хос намуна мактабини яратди. 1993 йилда Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи, 2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2004 йилда эса Давлатимизнинг олий нишони - «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган эди.

Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати сифатида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга муносиб ҳисса қўшди. 

Абдураим Хомидовнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий яшайди. Марҳумнинг оила аъзоларига, барча яқинларига сабр тилаймиз.
Шавкатжон Абдураззоқов, Икромхон Нажмиддинов, Шерали Қосимов.
© namangan24.uz

--> -->