Наманганда бош қурувчи ўзгарди
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг тегишли буйруғи билан Содиқ Собирович Муҳиддинов Наманган вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У ушбу лавозимда меҳнат қилган Аъзамжон Жалиловнинг ўрнида ишга киришди.


Содиқ Муҳиддинов Наманган шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, 2004 йили Наманган муҳандислик педагогика институтини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-қурувчи.
Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Наманган вилояти техник рўйхатга олиш кадастр бюросида техник инвентаризатор сифатида бошлаган. Кейинчалик Наманган шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати давлат унитар корхонаси бошлиғи, Республика Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимларида иш олиб борган.
Тайинловга қадар вилоят ҳокимлигининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари котибияти мудири вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.
© namangan24.uz