Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига янги соҳа сифатида кириб келган кластерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Айниқса, кластер усулида пахта етиштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бунинг натижасида кластерлар нафақат пахтани хом ашё сифатида эмас, балки маҳсулотни қайта ишлаш, тайёр, ярим тайёр маҳсулот сифатида бозор олиб чиқиш имконини бермоқда. Қолаверса, улар қисқа фурсат ичида фермер хўжаликларинингишончли ҳамкорларига айланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 24 февраль куни ўтказилган қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳам пахта-тўқимачилик кластерлари самарадорлигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

“Кластер – изланиш, инновация, дегани. Агар кластерлар эртанги кунни тасаввур қилиб ишласа, қўшимча қийматли маҳсулотларни бозорга олиб чиқиб, рақобатбардош бўлиши мумкин. Дунё тажрибасини ўрганиб, маҳсулотни кўпайтириб, таннархни камайтириш керак”, - деди Президентимиз.

Наманган туманидаги Тошбулоқ шаҳарчасида жойлашган “Тошбулоқ текс” масъулияти чекланган жамияти қошида 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган пахта-тўқимачилик кластери бугунги кунда 133 та фермер хўжалигига хизмат кўрсатиб, улар билан фючерс шартномаси асосида иш юритмоқда. Тумандаги 5 минг 550 гектар ер майдонида етиштириладиган пахтани қайта ишлаб, ип ҳолатида сотилади. Маҳсулотлар ички бозорга етказиб беришдан ташқари хориж давлатларига, асосан Россия, Туркия ва Хитой Халқ Республикасига экспорт қилинмоқда. 2022 йилга бориб, кластерда чигит экишдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган беш циклли жараён тўлақонли равишда амалга оширилади.

Кластер ташкил қилингунига қадар корхонада 200 киши фаолият юритган бўлса, бугунги кунда эса 450 нафар доимий ва 300 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. 2021 йилда кластер таркибида тўқимачилик корхонаси ишга туширилиши билан қўшимча 700 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Жамият қошида кластердан ташқари яна бир истиқболли лойиҳа - тўқув фабрикаси 6 гектар майдонда қад ростламоқда. Умумий қиймати 50 миллиард сўмни ташкил этувчи корхонада қурилиш-монтаж жараёнлари қизғин кечмоқда. Мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичи 2021 йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши мўлжалланиб, йил охирига  қадар 200 та иш ўрни юзага келади. Корхона раҳбари Тўлқинжон Баратовнинг айтишича, айни пайтда иш ҳажми 50 фоизга уддаланган бўлиб, тўқув дастгоҳлари Хитойдан келтирилмоқда.

Фабрика тўла қувват билан фаолият юритиши энг аввало, қишлоқ одамларининг ишсиз қатламининг бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий ички бозорни рақобатбардош миллий маҳсулотлар билан тўлдириш ва маҳаллий саноат орқали дунё бозорига чиқиш учун катта имконият беради.

- Юртбошимиз ташаббуси билан кластер тизимига асос солингани айни муддао бўлди. Минерал ўғитлар ўз вақтида берилиши ортиқча сарсонгарчиликларсиз олиниши натижасида ҳосилдорлик ошиғи билан адо этилмоқда, - дейди “Замин оқ олтини” фермер хўжалиги раҳбари Абдуғаффор Турсунов. - Экин майдонларимиздан кам талофат ҳосил олдик. Етиштирилган маҳсулот пуллари ўз вақтида берилиб, 2021 йилга қарздорликсиз ўтилди. Пахта етиштириш кластер услубига ўтказилгач, сўнгги икки йил мобайнида топширилган “оқ олтин”нинг сифатига қараб қўшимча маблағ тўлаш ҳам йўлга қўйилди. Шунингдек, йил давомида ҳосилнинг ҳолатига қараб, уч марта минерал ўғитлар ажратилди. Очиғи, олдинлари ёқилғи, ўғит, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, экин экишда турли қийинчиликларга йўлиқардик. Бундай муаммолар кластер билан барҳам топди.

Ўтган мавсумда фермер хўжаликлари томонидан “Тошбулоқ текс” масъулияти чекланган жамияти кластерининг пахта қабул қилиш масканига 21 минг тоннадан зиёд хом ашё топширилиб, Наманган туманида шартномавий режа 106 фоизга бажарилди. Зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борилгани натижасида 133 та фермер хўжалигидан тўрттаси 50-55 центнердан, 13таси 45-50 центнердан, 50таси эса 40 центнердан ошириб ҳосил олишга эришди. Бу ўз навбатида туман фермерлари билан якдил олиб борилган ҳамкорлик ишларининг самарасидир.

Оқилхон Дадабоев,

“Namangan24.uz” ахборот-таҳлилий портали раҳбари.

--> -->