Далаларда яхоб сувини афзалликлари қандай?
Далага яхоб суви бериш қишки тадбирлар ичида жуда муҳим ҳисобланади. Яхоб бериш – экин майдонида нам захирасини ҳосил қилиш ва экиннинг униб чиқиши ва нормал ривожланиши учун шароит яратиш мақсадида ҳайдалма ерларни ва боғларни қишда ва эрта баҳорда суғориш жараёнидир. Қишки ва баҳорги яхоб бериш ёғин миқдори етарли бўлмаган (йилига 250 мм дан кам) ҳудудларда кўпроқ қўлланилади. Яхоб суви билан бирга тупроқдаги тузлар ҳам ювилади.
Яхоб грунт сувлари 3 метрдан чуқур жойлашган автоморф тупроқларда яхшироқ самара беради. Турли даражада шўрланган гидроморф тупроқларда яхоб шўр ювиш вазифасини бажаради. Яхоб сув бериш жараёнида тупроқда қўшимча намлик яратиш билан бир қаторда ерни музлаши хисобига ўсимлик касаллик ва зараркунандалари, уруғлари, тухумлари, ғумбаклари, касаллик келтирувчи ва чиқарувчи зарарли замбруғлар нобуд бўлади.
Қишда сувнинг гоҳ музлаб гоҳ эриб туриши ҳисобига кесаклар орасини юмшатади, шудгор кузда сифатсиз қилинган бўлсада, катта-катта кесаклар увоқланади, эзилади. Яхоб бериш муддати қавс ойи кирганда ва қиш чилласига тўғри келади. Тупроқларнинг механик таркибига кўра яхоб суви беришда далалар полларга олинади. Пол ораси 80-100 м дан катта бўлмаслиги керак.
Енгил ва қатлами юпқароқ тупроқларда яхоб экиш олдидан ўтказилади. Яъни ерни экишга тайёрлашдан олдин суғорилади. Яхоб текис ерларда морза олиниб, нишабли ерларда айланма ёки дандана ариқ олиб берилади. Яхоб техникаси экинларни суғориш техникаси билан деярли бир хил. Яхоб суви сарфи турлича бўлади: тагзамини қум ёки шағал бўлган 0,5-1 м қалинликдаги тупроқларда 1000–1800 м3/га, қалин автоморф тупроқларда 2500 м3/га гача боради. Қавс суви сингувчан бўлади. Шу сабабли боғбону-деҳқонлар боғ ва токзорларни, қуруқ тупроқли ерлар шудгорини бу ойда албатта суғорадилар.
Қавс сувига қонган ерлар ва токзорлар ёзги сув танқислиги пайтида ха деганда чанқамайди. Бу сувга туйинган ерларда ҳосил мўл бўлади. Чунки қавс ва чилла суви зарарли хашоротларнинг қишлаб қолаётган авлодлари, ғумбаклари, уруғларига қирон солади. Тупроққа синган сув ерни туйинтиради. Кейинчалик бу намлик юзага кўтарилиб тупроқни нам захирасини яхшилайди. Яхоб бериш жараёни маромига етказиб бажарилганда ва тупроқ нормал даражада етилгандан сўнг, ерга ўз вақтида ишлов берилган ҳолда экин экилганда, ўсимликнинг дастлабки ўсув давридаги ортиқча суғориш ишларининг олди олинади. Бу билан бегона ўтларнинг кўпайиб кетиши ва ортиқча меҳнат талаб калмайди. Сабаби яхши яхоб берилмасдан ишланган ерга экин экилганда тупроқ намлиги тезда камайиб ўсимликнинг сувга бўлган талаби тезда сезилади ва ерни суғоришга тўғри келади. Натижада, бегона ўтлар кўпайиб уларга қарши чора кўриш ва ерни юмшатиш, чопиқ қилиш ишларини қўшимча тарзда бажаришга тўғри келади. Боғ ва токзорларда юртимизга 25 декабрдан қиш ойининг чилласи кириб келади. Бу пайтда боғбонларимиз боғларига чилла сувини беришса бўлаверади.
Чилла сувининг мевали дарахтлар учун жуда катта фойдаси бор. Биринчидан, йил буйи дарахт пустлоғига ин қуйиб уни емираётган хар ҳил кана ҳамда замбуруғлар совуқ тушган сари пастга қараб юради. Шу чилла суви бериш жараёнида тунда совуқ булиши натижасида шу зарарли хашоратлар қирилади. Иккинчидан яхшилаб чилла суви ичган мевали боғлар ёзнинг саратонида яьни ёзнинг чилласида тез чанқаб қолмайди. Сабаби қишги чилла сувида сувга туйинган дарахт ёз чилласи учун ўзига захира қилиб олади. Шунинг учун чилла суви боғларимиз учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган агротехник жараён ҳисобланади.
Боғларда қишнинг сўнгги февраль ойида ҳам дала ишлар давом эттирилиши зарур. Бу бўлғуси ҳосилга пухта замин тайёрлайди. Шунинг учун мева-узум экинларини яхши ўсиши ва юқори ҳосил беришида тупроқда намликни сақлаш ва уни тўплашга йўналтирилган агротадбирлар ўтказилиши керак. Агар январда яхоб суви берилмаган бўлса, февраль ойида 1–2 марта боғ ва токзорларда яхоб суви бериш зарур. Бунда ҳар гектарга 1500–2000 м3 сув сарфланиб, 4–5 кун суғорилади.
Яхоб суви ичган мева дарахтлари ва токларнинг асосий илдизлари жойлашган қисмлари яхши намланади. Бу эса экинларнинг қўзғалиш энергиясини кучайтиради. Шунингдек, яхоб суви берилганда тупроқ 2 м чуқурликкача тўлиқ намланади. Натижада суғориш сони 1–2 тага қисқариб, 700–1400 м3 сув тежалади. Боғ ва токзорларда яхоб суви бериш афзалликлари:
– дарахт танасида қишлайдиган зараркунандалар ва замбуруғларнинг йўқ бўлиши (қирилиши)га олиб келади;
– қишки қўрғоқчиликда намликнинг етарли бўлиши натижасида дарахтларнинг касалликка чидамлигини оширади;
– қиш мавсумида яхоб суви берилиши, тупроқда намликнинг сақланиши ёзги мавсумда дарахтларни етарли намлик билан таъминлайди;
– меваларнинг тўкилувчанлигини камайтиради;
Ғалла парваришида агротехника тадбирларини минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш, ниҳолларнинг илдиз тизими яхши ривожланишига эътибор қаратиш, тупроқдаги озиқани етарлича ўзлаштириши учун чилла суви бериш зарур. Чилла суви бериш олдидан суғориш тармоқларини тозалаш муҳим аҳамиятга эга. Сабаби ариқ-зовурларда турли бегона ўтларнинг ўтган йилги қолдиқ ва уруғлари бўлиб, улар сув орқали пайкалларга тарқалиши мумкин. Кунлар илиб, ҳаво ҳарорати кўтарилиши (15–18 С) биланоқ, бегона ўтлар тезда униб чиқиб, озуқа, сув, ёруғликни ғаллага нисбатан кўпроқ ўзлаштириб, ҳосилдорлик ва дон сифати пасайишига олиб келади.
Кузги буғдой совуқ даврда энергияни фақат нафас олиши жараёнида танасидаги захира моддаларни парчаланиши эвазига ҳосил қилади. Шу билан бирга, қишда кундуз кунлари ўсимликда фотосинтез жараёни кечмайди. Ўсимлик қуёшнинг ёруғлик энергиясидан фойдаланши эвазига хлорофил доначаларини тўплайди. Бунинг натижасида ўсимликнинг кечки совуқларга чидамлилиги ошади.