Янги Ўзбекистонда фаоллик, яратувчанлик, ижодкорлик руҳида яшаш одамлар учун ижобий муҳит тақозоси, ижтимоий заруратга айланди. Конституция халқчилик, инсонпарварлик, бағрикенглик ва эзгулик ғоялари билан ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жараёнларни баҳолаш ва ёндашишда миллий, умуминсоний қадриятлар уйғунлигининг устуворлигига таянмоқда. Инсоният тараққиётининг сўнгги ўн йиллиги даври ўзининг шиддаткор руҳи, тез ўзгарувчан табиати, ижтимоий йўналганлик хусусиятлари билан ажралиб туради.

Инсон капиталининг ривожи ҳам шахснинг онги, одоб-ахлоқи, маънавияти, дунёқараши, талаб-эҳтиёжларининг қондирилиши, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатларга, ижтимоий тузум моҳияти ва табиатига бевосита боғлиқдир. Жамият қандай бўлса, ижтимоий муносабатлар мажмуи бўлган инсон капитали ҳам унга мос бўлади. Инсон капитали билим, тажрибалар, стратегик режалар, кишиларнинг интеллектуал-маънавий камолоти, шунингдек, муайян мақсадлари, қизиқиш ва лаёқати тарзида ҳам миллий захира ҳисобланади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси юртимизда изчил амалга оширилаётган шиддатли ва қамровдор ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Тараққиёт стратегиясининг “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” номли тўртинчи устувор йўналишида ижтимоий давлат негизини ташкил этувчи масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, мазкур дастурий ҳужжатнинг 43-мақсади бевосита ҳар бир инсон учун муносиб шароит яратиш ва турмуш даражасини мунтазам яхшилаб боришга йўналтирилган.

Янги Конституция амалда инсон капитали ривожлантиршга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли китобида “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилининг айни устувор йўналишлари батафсил ифода этилган. Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳит яратиш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, ижтимоий, ҳуқуқий, экологик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш истиқболлари кўрсатиб берилган.

Конституциямизнинг аввалги таҳриридан фарқли ўлароқ, унинг янги таҳрирининг асосий ғояси шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, инсон шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш, илгари мавжуд бўлган “давлат — жамият — шахс” парадигмасини янги: “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгартиришдан иборат.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига тааллуқли нормалар 3 баробар кўпайди. Энг муҳими, Асосий Қонунимизда биринчи марта “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” (1-модда), деган норма белгиланди.

Жамиятнинг ижтимоий барқарорлигини, иқтисодий ривожланишини, тинчлигини таъминлаш, инсон соғлом ва фаровон ҳаёт кечириши учун давлат кучли ижтимоий сиёсат олиб боради. Бугунги кунда Давлат бюджетининг 60 фоизидан ортиғи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Ижтимоий давлат, деганда, аввало, ўз фуқароларига муайян минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат тушунилади.

Янги Ўзбекистонда давлат қурилишининг янгича стратегик мақсади – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди.

Олий қонунда алоҳида тилга олинган ягона касб эгалари

 

“Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлайдурғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар”.

Маҳмудхўжа Беҳбудий

Конституциямизнинг 52-моддаси қуйидагича кўриниш олди: “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади”.

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Таълим сифатини замонавий билимларга эга ҳаётдан рози ўқитувчисиз таъминлаб бўлмайди. Бунинг учун эса ўқитувчининг ижтимоий ва моддий фаровонлиги ҳақида ғамхўрлик қилиш, унинг ҳурматини жойига қўйиш талаб этилади.

“Саллаларингни катта, енгларингни кенг қилинглар, токи аҳли илм хўрланмасин”.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа

Ўқитувчиларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиши, шунингдек, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар беришга хизмат қилади.

Ҳаммага ва ҳар бир инсонга эътибор!

 

Нафъинг агар халққа бешак дурур,

Билки бу наф ўзингга кўпрок дурур.

Алишер Навоий

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Тараққиёт стратегияси асосида изчил давом эттирилаётган демократик ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги, халқимиз равнақи ва юртимиз тараққиёти йўлида астойдил ҳаракат қилишимиз, Янги Ўзбекистон ўзининг мақсад мажбуриятларига қатъий содиқлиги янгиланган Асосий Қонун билан янада мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асос яратилди.

Асосий Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”.

Конституциянинг 13-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати ва халқимизнинг амалий таклиф-тавсиялари негизида янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг 23-моддаси қуйидаги янги нормалар ҳисобига бойитилди:

«Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.

Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади».

Мазкур конституциявий нормаларда, бир томондан, Ўзбекистон давлати ва халқининг мустақиллиги, суверенитетига асосли равишда урғу берилган бўлса, иккинчи томондан, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада мустаҳкам кафолатлаш назарда тутилган.

Инсоннинг азизлиги унинг барча моддий ва маънавий ҳолатларида кўриниб туради. Яъни, бирор бир инсоннинг жони, дини, мол-мулки ва шаънига тажовуз қилиш катта жиноят деб қаралади.

Инсон капитали ривожлантирш орқали Янги Ўзбекистонда юқори ижтимоий-иқтисодий ўсиш динамикасини таъминлашга эришилади.      

Муҳриддин Содиржонов,

социологя фанлари бўйича фалсафа доктори (“PhD”), доцент.
© namangan24.uz

--> -->