Тўрақўрғон тумани аҳолисининг газга, асосан суюлтирилган углеводородли газга нисбатан эҳтиёж кўлами кенг. Бугунги кунда туманда 68 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Ўтган даврларда 25 минг, 765 та хонадон табиий газ тармоғидан узилган ва 14 минг 521та хонадон азалдан газ тармоғига мутлақо уланмаган. Уларнинг умумий сони 40 минг, 286 та. Шунча миқдорда суюлтирилган газ истеъмолчиси борлиги “Ҳудудгаз Наманган” масъулияти чекланган жамияти, “Тўрақўрғон тумангаз” филиали ходимлари зиммасида катта масъулият борлигини англатиб турибди.

Жорий йилда мавжуд истеъмолчилар учун 6148.7 тонна суюлтирилган газ фонди ажратилган. Йил бошидан ҳозирга қадар ажратилган суюқгаз фонди 2250,5 тонна. Амалда 2238,8 тонна газ етказиб берилган. Бошқача айтганда режа 99,5 фоизга уддаланди, дея хабар бермоқда “Ҳудудгаз Наманган” МЧЖ ахборот хизмати.

Аҳоли яшаш жойларига мунтазам равишда суюлтирилган газ етказиб бориш, истеъмолчилар эҳтиёжини тўлақонли қоплаш мақсадида бешта юк автомобили ва беш нафар чилангар хизматда.

Мана, республикамизда карантин ҳолати эълон қилинганига ҳам уч ойдан ошди. Бироқ, бу вақт мобайнида тумангаз ишчи-ходимлари ишладилар. Улар: “Биз – сиз учун ишдамиз, сизлар уйда қолинглар”, деган хитобни дилларига жо айладилар.

- Касбим билан фахраланаман, - дейди чилангар Обиджон Ваҳобов. – Одамларга ёрдамим тегса, уларнинг қувонганини кўрсам, хурсанд бўлиб кетаман. Ёши улуғ отахонлар, онахонларнинг дуосини олиб ишлаймиз. Элимиз биздан мамнун бўлишини хоҳлаймиз.

© namangan24.uz

--> -->