Фарғона водийсида биринчи: Компакт ип ишлаб чиқариш технологияси нима беради?
Яқинда Наманган муҳандислик-технология институти қошидаги илмий кенгашида ушбу олий таълим даргоҳининг илмий тадқиқотчиси Хусанхон Бобожоновга Фарғона водийсида биринчилардан бўлиб техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси берилди ва шу ҳақдаги диплом топширилди.
Хусанхон Бобожонов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг тавсияси асосида 2018 йил 28 февралда институтимиз қошида тузилган илмий кенгашда “Пахтасаноат илмий маркази” акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари, техника фанлари доктори, профессор Қадам Жуманиёзов раҳбарлигида “Йигириш машиналари параметрларини оптималлаш йўли билан ипнинг деформацион хоссаларини яхшилаш ва маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш” мавзусида техника фанлари бўйича фалсафа докторлик (PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Дарвоқе, 1979 йилда Уйчи туманида туғилган ёш олим Хусанхон Бобожонов 1998-2002 йилларда Наманган муҳандислик-технология институтининг бакалавриат ва магистратура босқичларини битирган. 2011 йили фан номзодлик ишни муваффақиятли ҳимоя қилган. Диссертация мавзуси бўйича 31 та илмий иши чоп этган бўлиб, шундан 15 таси Олий аттестатсия комиссиясининг диссертациялар асосий илмий ишларини чоп этишга тавсия қилинган илмий нашрларда ёритилган. Шунингдек, 5 та илмий мақолалари хорижий илмий нашрларда чоп этилган.
Муаллиф томонидан амалга оширилган тадқиқот ишида йигириш машиналари параметрларини оптималлаш йўли билан ипнинг деформацион хоссаларини яхшилаш ва маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш йўллари ўрганилган.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги ва аҳамияти шундаки, унда маҳаллий хом-ашёлардан фойдаланиб, компакт қурилмани қўллаган ҳолда янги ассортиментдаги компакт меланж ип ишлаб чиқариш технологияси яратилган. Ипни чўзувчи куч таъсирида деформацияланишининг бошланғич онларидаги ўзгаришларини юқори аниқликда ўлчовчи оптик прибор ишлаб чиқилган. Ипларни юк таъсирида ва юксизланиш вақтидаги деформацияланиши Кельвин-Фойгт қонунига бўй суниши аниқланди. Олим “Zinser-350” халқали йигириш машинасида компакт ва оддий ипларни олишда оптимал параметрларни танлаган. Изланиш натижасида турли ассортиментдаги иплардан трикотаж тўқималарини тайёрлашда ипнинг деформацияцион хоссаларини инобатга олиб, тўқилаётган матолар хосса параметрларини бошқариш ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги амалда исботланган.
Бир сўз билан айтганда, тинимсиз илмий изланишлар, янги йўналишда машаққатли меҳнат ўз самарасини берди. Хусанхон Бобожонов техника фанлари бўйича докторлик (PhD) дисертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, фалсафа доктори мавқеига эга бўлди. Бунда ёш олимнинг ота онаси, қолаверса, устозлари Ҳамидхон Аҳмадхўжаев, Рустамжон Муродов, Қобил Ғофуров, Қурбонали Ҳолиқов, Носиржон Шарибоевларнинг ҳиссаларини эътироф этиш жоиз.
Оқилхон Дадабоев,
Наманган муҳандислик-технология институти матбуот котиби.
© namangan24.uz