Анъанага кўра, янги ўқув йилининг биринчи сабоғи умумтаълим мактабларида “Мустақиллик дарси” билан бошланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ўзлари ўқиган ёки ўзлари яшаётган мактабларга ташриф буюриб, мактаб ўқувчиларига берилган биринчи дарс – “Мустақиллик дарси” да қатнашдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 23 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида барча даражадаги раҳбарларга таълим муассасасида ўқувчиларга сабоқ бериш ташаббуси ўртага ташланган эди.

Жумладан, Наманган муҳандислик-технология институти ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Одилжон Маматкаримов даставвал ўзи раҳбарлик қилаётган олий таълим муассасасининг энергетика факультетига ўқишга қабул қилинган биринчи босқич талабаларига “Мустақиллик дарс”ларини ўтди.

Талабалик бахтига муяссар бўлган ёшларни қўшалоқ шодиёналар билан табриклаб, олий таълис муассасаларига синовлар ҳар қачонгидан-да шаффоф, адолатли ва ошкоралик руҳида ташкил этилганини айтиб ўтди. Абитуриентлардан ҳужжатларни топширишда ҳам бир қатор қулайликлар яратилганини қайд этди. Барча талабаларни, хусусан Хоразм, Сурхондарё, Самарқанд каби олис вилоятлкардан келган ёшларни аҳил ва дўст, бир оила бўлишга, чуқур билим олишга чақирди. Бунинг учун талабаларга институт маъмурият томонидан барча шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳозирланганини билдирди.

Шундан сўнг, сенатор Одилжон Маматкаримов Уйчи тумани марказидаги ўзи таҳсил олган 1-умумтаълим мактабига бориб, “Мустақиллик дарси”да иштирок этди.

Мактаб остонасига эндигина қадам қўйган жажжи ўқувчиларга “Мустақиллик дарси” бошланишидан аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти совғалари тантанали тарзда топширилди.

Сенатор қадрдон таълим даргоҳидаги 1, 8 ва 9-синфларда ўтказган “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” эзгу ғоясини ўзида мужассам этган илк дарсларда Президентимизнинг “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган тамойилга асосланган ҳолда, ёш авлодни болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга эканлигини баён қилди.

Ўқувчиларга “Ватанни севиб, кўз қорачиғидай асраб-авайлаш катта бахт экани, юрт ривожига ҳисса қўшишга қодир салоҳиятли кадрлар бўлиб етишиш учун энг аввало, Устоз муаллимлардан чуқур таълим-тарбия олиш ҳар бир ёшнинг қалб қўъри ва бурчига айланиши лозимлиги , асосийси, бу ният ва мақсадларга эришиш йўлида ўқувчилар кучли билимга эга бўлиши, одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлигини таъкидлади.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида, айниқса, сўнгги уч йил ичида таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилаётганини ҳаётий мисоллар воситасида айтиб ўтди.

Сенатор ўз сўзида бундан 39 йил аввал мактабга илк қадам қўйганлиги, ўтган йиллар давомида устозларидан чуқур билим олганлиги, муаллимлари кўрсатмаларига оғишмай, ўз устида тинимсиз изланишлари натижасида бугунги кунда физика-математика фанлари доктори, профессор-олим рутбасига эришиб, меҳнатлари эъзоз топаётганлигини гапириб берди.

- Биз ўқиган пайтларда мактаб анжомлари-ю ўқув қуроллари етишмасди. Лекин шунга қарамай ўз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш йўлида машаққат чекиб ўқиганмиз, билим олганмиз. Илм йўлидан кетганмиз. Бугунги замон ёшларига мен ҳавас кўзи билан боқаман. Мактабда сиз учун барча шарт-шароитлар бисёр. Сизга ўхшаган 900 нафарга яқин қора-кўзлар учун 4 миллиард 600 миллион сўм маблағ эвазига кўркам ва замонавий мактаб барпо этилди. Биз бундай шароитларни орзу қилганмиз холос. Сизлар бундай ғамхўрлик ва имкониятларни қадрига етиб, фақат ва фақат илм ўрганиш, яхши ўқишингиз талаб этилади. Шундагина, Ватанимиз равнақи йўлида садоқат билан хизмат қиладиган баркамол инсонлар бўлиб шаклланасиз, - деди Одилжон Маматкаримов.

“Мустақиллик дарс”ларида фаол иштирок этган ўқувчиларга сенатор томонидан ўзбек ва жаҳон адабиётининг намояндаларининг сара асарларидан иборат бадиий китоблар совға қилинди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Оқилхон Дадабоев,

журналист.  

 © namangan24.uz

***

Наманган шаҳридаги 40-умумтаълим мактабида ўтказилган “Биринчи қўнғироқ” шодиёнасида мактабнинг собиқ ўқувчиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминов барчани янги ўқув йилининг бошланиши – Билимлар куни билан қутлади. Меҳмон болалик даврларини эслади. Билимга чанқоқлик, тинмай ўқиб ўрганиш ва изланиш самараси ўлароқ бугунги даражага етганлиги ҳақида гапириб берди. Бахтли болалик гаштини сураётган ўқувчиларга пухта билим олиб, мустақил давлатимизнинг фидойи инсонлари сифатида камол топишда  омадлар тилади.

“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” эзгу ғояси асосидаги маънавият дарслари бошланди. Сенатор Солижон Мўминов биринчи синф ўқувчилари ҳузурида бўлди. Уларга дил тўла тилакларини билдирди. Гулдирос қарсаклар остида болаларга Президент туҳфаларини топширди.

10-синф ўқувчилари билан суҳбат ғоят мароқли кечди. Мактабнинг собиқ ўқувчиси болаларни кўпроқ китоб ўқишга, илм-фан сирларини мукаммал эгаллашга ундади. Ўзининг ўқувчилик чоғларидаги ибратли фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Президентимиз томонидан халқ таълимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлаб, бундай имкониятлар камдан-кам мамлакатларда мавжудлиги, ёшларимиз яратилган шароитлардан фойдаланган ҳолда келажаги Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшадиган авлод сифатида улғайишлари муҳимлигини теран ҳаётий воқеалар фонида тушунтирди.

Мактабнинг ўлкашунослик музейи фаолияти билан танишув чоғида илм даргоҳи ўқитувчиларнинг кекса авлоди яратган асори атиқаларни асраб - авайлаш ва келажагимиз ворисларини ватанпарварлик руҳида тарбиялашда тарихий ҳужжат ва экспонатлардан самарали фойдаланиш кераклигини уқтирди.

Дарвоқе, ўқувчилар мартабали меҳмон билан учрашув чоғида ўзларини қизиқтирган саволлар  юзасидан тўлақонли жавоблар олдилар. Навқиронлар дилида кечган ҳавас таниқли шифокор ва жамоат арбобининг ўнлаб издошлари вужудга келишига туртки берган бўлса ажаб эмас.

Абдулла Ғозиев,

журналист.  

 © namangan24.uz

--> -->