Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги энг муҳтарам касб эгалари бу ўқитувчилик касбидир, деб эътироф этишининг таг замирида ўз умрини илм, маърифат, зиёга бағишлаган шарафли касб соҳиблари Устоз муаллимларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатлари ўз ифодасини топган десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Наманганда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан “Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан фахрий- педагоглар, нуроний устоз-муаллимларга иззат-икром кўрсатилди. “Ободлик – кўнгилдан бошланади”, деган қадим ҳикмат бор. Кўнгил ободлиги эса кексаларга ҳурмат-иззат, эъзоз-эҳтиром кўрсатиш, ёши улуғларни ардоқлаш, меҳру эҳтибор, инсонийлик каби фазилатларда яққол намоён.

“Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан ана шундай эзгу анъаналар янада кенг қулоч ёзди. Инсоният тинчлиги, озод ва обод кунлар, осойишта ҳаёт учун жон фидо этган уруш ва меҳнат фахрийлари, улуғ аждодларимизни ёд этиш, улар хотирасига ҳурмат бажо келтириш баробарида бутун ҳаётини эл-юрт равнақи ва истиқболига бағишлаган пиру бадавлат отахон-онахонларимиз, нуроний фахрийларга иззат-икром кўрсатилди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.

Қайд этиш жоиз, бошқармада “Нуроний” бошланғич жамоатчилик кенгаши тузилган бўлиб, бугунги кунда 2789 нафар нуроний рўйхатга олинган. Шундан 1807 нафарини аёллар ташкил этади. Бошқарма тизимидаги барча ҳамкасблар, соҳада фаолият олиб, устоз-муаллимлар, ёшлар улар билан ҳамиша ҳамфикр, ҳамнафас. Уларнинг ҳаёт йўли, мазмунли ва салмоқли фаолият даври ёшлар учун ўрнак ва ибрат. Улардан ўрганадилар, намуна оладилар.

“Хотира ва Қадрлаш куни” муносабати билан илму маърифат ва истиқбол йўлидаги фаолияти билан қадр топган фахрий устоз-муаллимлар, нафақадаги ва айни пайтда ҳам соҳада фаолият олиб бораётган педагоглар оилаларига вилоят халқа таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражапов бошчилигида йўқловлар уюштирилди.  1603 нафар фахрийга 109 миллион сўмга яқин моддий ёрдам кўрсатилди.

Вилоят, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларида, таълим муассасаларида узоқ йиллар меҳнат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган фахрийларнинг 325 нафарига бошқарманинг фахрий ёрлиғи, табрикнома ва 26 миллион сўмга яқин эсдалик совғалари топширилди.

Меҳр, эътибор ва эъзоз қалбларга қувонч бахш этиб, кўнгилларни мунаввар этувчи эзгулик маёғидир. Ана шундай хайрли саъй-ҳаракатлар ифодаси сифатида ётиб қолган фахрийлар ва бошқа нуронийлардан 1160 нафарининг уйларига умумтаълим мактаблари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан йўқловлар уюштирилиб, улар ҳолидан хабар олинди. Уларга табрикнома ва 74 миллион сўмдан зиёд эсдалик совғалари тақдим этилди. Давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатлар ва махсус мактаб интернатлар директорлари томонидан 84 нафар фахрийдан хабар олиниб, фахрий ёрлиқ ва 6 миллион сўмдан ортиқ совғалар топширилди.

Озод ва обод диёримизда эзгу анъаналар, қадим қадрият барқарор ва бардавом. Меҳр, эътибор, ғамхўрлик борасидаги саъй-ҳаракатлар тобора кенг қулоч ёзиб, ҳамюртларимиз қалбига қувонч олиб кираётгани шунинг ифодасидир. Одамийлик ва оқибат устувор экан, биз ҳам эртамиз бунёдкорлари, келажагимиз яратувчилари бўлган устоз ҳамкасбларимиз, соҳамиз фахрийларига ҳамиша, ҳар қачон таъзим қилиб, эҳтиром кўрсатаверамиз.

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->