Саломатлигимиз посбонлари — нажот фаришталари ҳақида сўз юритилар экан, уларнинг пандемия давридаги мислсиз жасоратини барчамиз дилдан ҳис этиб турибмиз. Оқ халатли фидойиларга таъзим қилишга, меҳнатини эъзозлашга, қадр-ҳурматини юксалтиришга беихтиёр виждонан ўзимизни сафарбар этяпмиз. «COVID — 2019» инфекцияси жанггоҳларида матонат намунасини кўрсатаётган уч қаҳрамонимиз билан аввалроқ юзма-юз суҳбат уюштиргандик. Уни қоғозга туширишнинг мавриди, мана, шифокорларнинг касб байрами кунларида экан.



Наманган вилояти кардиология марказининг Наманган шаҳридаги Ҳамза субфилиали ҳам жорий йилнинг март ойидан бери ҳаёт билан кураш, жанг майдонига ихтисослаштирилган. Махсус берилган ҳимоявий либосни кияр эканман, бу ҳолда қанча муддат чидай олишимни чамаладим ва ишимни тезроқ битиришга шошилдим. Ичкарига киришим билан қўрқув ва ҳаяжонга ўхшаган туйғу вужудимни қамрай бошлади. Шифохона ҳовлиси сокин, қалин дарахтзор, куз фасли бўлишига қарамай, атрофда яшиллик устувор. Қаторлашган арчалар оралиғидаги йўлакдан юриб, мени кутаётган масъулга рўбаро келдим. Дастлаб у киши билан ташқарида — тоза ҳавода гаплашдик.

Бахтиёр Азимов,

кардиолог, Наманган вилояти кардиология марказининг Ҳамза субфилиалида ташкил этилган коронавирусга қарши кураш штаби бошлиғи:

- Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филилали Кардиоцеребрал ва реабилитация бўлими мудири ва шифохонанинг врач-статист вазифаларини бажараман, 20 йиллик иш тажрибасига эгаман. Коронавирусга чалинган беморларни даволаш ва карантинда сақлаш жараёнларига гувоҳ бўлиш учун, албатта, кўз билан кузатиш, тасаввур ҳосил қилиш керак. Шунда ҳозир шифокорларга осон бўлмаётгани тушунилади. Ходимларимиз вилоятдаги шаҳар-туманлардан жалб этилган тажрибали, кўнгилли тиббиёт ходимлари ва мутахассисларидир.

Халқ тилида собиқ «совпартактив» деб аталадиган, илгари санаторий-профилакторий бўлган мазкур жойда даволаниш ва дам олиш анча қулай.

«COVID-19» короновирус инфекцияси билан оғриган беморларни вилоят марказидаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасидаги саралаш марказида тақсимланади. Шифокор ва тиббий ходимларга зарур ва стандартдаги дори-дармон, тиббий анжомлар соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан етказилади. Озиқ-овқат ва ҳимоя кийимлари (комбинезон) билан таъминлаш Давлат санитария-эпидемиология хизмати томонидан амалга оширилади. Кўриб турганингиздек, назорат қатъий тартибда йўлга қўйилган, доим сергакликни ошириб айланиб юраман. Ҳудудга бегоналарга, беморларнинг яқинларига ҳам рухсат йўқ. Лекин улар умуман хавотирланмасалар ҳам бўлади. Чунки ҳар бир ҳамюртимиз алоҳида эътиборда. Бир марталик идишларда жўнатиладиган ва кўрикдан ўтказилган овқатлардан, очиғини айтиш керак, ўзимиз ҳам тамадди қиламиз, таомлар таъми мазали ва қувватли, буни бемалол беморлардан тасдиқлатиб олишингиз мумкин.

Дарвоқе, узоқ муддатли навбатчилик ҳақида сўрадингиз. Бу тартибнинг афзаллиги инфекция ўчоғидан вирусни ташқарига, ходим оила аъзоларига тарқалишининг олдини олади. Кечаю кундуз 13-14 ишлаган ходимлардан тиббий таҳлиллар олиниб, 15-кун соғломлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда уйига рухсат берилади.

Шифохона шошилинч вазиятда 70 нафар беморни қабул қилиб, малакали тиббий ёрдам кўрсата олади. Таъкидлаш жоиз, пандемиянинг дастлабки босқичида юз-минглаб хориждан қайтганлардан тортиб, коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлгани учун гумонланганларгача давлат томонидан карантин муассасаларига жойланди ва уларга икки ҳафталаб беминнат ғамхўрлик кўрсатилди.
Таъсирли воқеалар бизда ҳар куни, ҳар дақиқада содир бўлади. Аҳволи оғир, истимаси юқори деб баҳоланган беморни ижобий томонга ўзгаришидан олийроқ мукофот борми бизга! Ўша пайтларда Аллоҳга ҳамду сано айтиб, меҳримиз янада товланиб, билимимизни бетобларга беминнат қўллашга шайланамиз.

Соҳибахон Турсунбоева,

инфекционист, штаб масъул шифокори:

- Аслида, Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида ишлайман, 23 йилдан бери врачман. Шифокорлар сулоласиданман. Мутахассислигим бўйича оғир ҳолдаги одамларга ёрдамим тегишини хоҳлаб, бу ерга бириктирилдим.

Коронавирус ҳаво-томчи орқали юқади. Фарғона водийси тоғли ҳудуд билан ўралгани ва аҳолиси зич жойлашгани боис, Наманганда кўпроқ қайд этилди, тарқалиши кенг тез ва кескин рўй берди.

Биласиз, айни хазонрезги паллада аллергик ва мавсумий касалликлар кучаяди ва «Covid 2019» белгилари билан чалғитади. Фарқли томонлари шундаки, шамоллаш ва гриппда юқори ҳарорат 40 градусгача кўтарилади, коронавирусда эса иситма фақат 37,5 — 38 га боради, холос. Бироқ иштаҳа, ҳид ва таъм билиш сезгилари бузилади, ёмонлашади, қувват сезиларли камаяди, совуқ ичимлик ва егулик истеъмол қилмасангиз-да, қуруқ йўтал қийнайди, овоз бўғилади, чунки оғиз ва бурун бўшлиқлари орқали шиллиқ қаватларга вирус тушган бўлади.

14 кунлик даволаниш даврида ва кейин ҳам кўп ва тез-тез ичимлик ичиш, кучли овқатланиш, витаминлар қабул қилиш ва витаминларга бой таомлар, мевалар ейиш иммунитетни кўтаради. Ўпкани кислородга тўйинтиришни ва нафас машқини, енгил бадантарбияни бажаришни асло унутмаслик даркор. Жисмонан ва руҳан чиниқиш, профилактик эмланиш аксарият хасталикларнинг олдини олади ва бартараф этади. Спорт билан мунтазам шуғулланиш соғлом турмуш гаровидир.

Карантин ҳудудимизга турли ёшдагилар — ҳомиладорлар, болалардан тортиб кексаларгача, аёллару эркаклар, бойваччаю оддий ишчигача — ҳаммасига муносабат бир хил, дардга оилавий чалинганлар ҳам ётқизилган. Яккама-якка мулоқотларда уларга оптимист бўлишни, ҳаётни севадиган ва жўшқин инсонга айланишни тушунтирамиз. Ахир соғайиш бевосита кайфият билан боғлиқ.

Онаман-ку, фарзандларимни соғинаман, улар билан ҳатто телефонда гаплашишга бўшамаган кунлар бўлган. Аммо биздан умидвор беморлардан бир лаҳза ҳам диққатимизни узмадик. Уларни хурсанд этиш ва тузатиш ниятида рақсга тушиб, қўшиқ ҳам айтиб берганмиз. Тушкунликдан чиқариш учун муолажаларга қўшимча фарзанд, ака, сингил ёки энг яқин инсон кабилар меҳр бериши талаб қилинади.
Беморларга нима учун асосан таблеткалар тавсия қилинишига қизиқяпсиз. Шундоқ ҳам азобланаётган танани қийнашнинг нима кераги бор, тўғрими, уколларга ҳожат йўқ.

Акмалжон Боймирзаев,

пульмонолог, штаб масъул шифокори:

- Мингбулоқ туманидаги 2-вилоят фтизиатрия шифохонасида 2012 йилдан буён ишлайман.
Пульмонолог сифатида қайд этмоқчиманки, вазни катта, қандли диабети ва бирор қўшимча тиббий муаммоси бор беморларда коронавирусга чалиниш мойиллиги кўпроқ учрайди. Ниқоб тақмаган ва шахсий гигиена қоидаларини бажармайдиган киши ҳар қандай вирусга чидамсиздир. Ҳозирги текширувлар ИФА ПЦР ва рентген аниқ диагноз учун етарли асос бўлмай қолди. Фақат МСКТ (мультиспирал ёки мультисрезованая компьютер томография) текшируви ишончли факт беряпти, у ўпкани миллиметрларда кесиб кўрсатади. Вирусни асосий жароҳатловчи органи ўпкалар бўлиб турибди. Асорати бошқа органларда қолиши мумкин. Ўпкада 14-20 кунда тўлиқ сўрилиб кетяпти.

«Covid 19» инфекцияси билан оғриган беморларга асосан ўпкада ҳаво алмашинувини яхшиловчи дори воситаларига қўшимча даволаш гимнастикаси ўтказиш ҳамда қоринга ёстиқ қўйиб, пастга қараб ётқизиш тавсия этилади. Иккиламчи инфекциянинг олдини олиш мақсадида антибиотиклар микроэлементларнинг балансини нормаллаштирувчи дориларни қўллаш каби муолажалар кўрсатиляпти. Иш режамиз 24 соатли кун тартибидан иборат, хоналарни айланиб чиқишнинг ўзига 5 соатча вақт кетади. Беморларда хасталикдан кўра ваҳима баланд, қолаверса, уларнинг инжиқлигига кўникиш, саволларига қониқарли жавоб қайтариш лозим, айрим ношукур ва беписанд кимсаларга пандемиянинг аҳамиятини англатиш керак.

Бир бемор келди, ўрта оғир даражада ва тушкунликда эди. Олдига кириб, шикоятини сўраганимда оқ варақ сўради ва васиятнома ёзмоқчи эканини билдирди. Касаллик тўғрисида, худо хоҳласа, тез кунда дарддан фориғ бўлишини тушунтирганимдан кейин фикридан қайтди. 5 кунда аҳволи яхшиланиб, уйга кетишга ҳозирланди.

Ҳа, «Ваҳима — ярим касаллик, хотиржамлик ярим соғликдир, сабр эса соғайишнинг бошланиши» дея битганида Абу Али ибн Сино ҳақ эди. Хуллас, ҳамма касалликда бемор шифокор томон бўлмаса, даволаш бефойда, касаллик ва бемор шифокорни енгиб чиқади. Айниқса, дарров ваҳима ва саросимани, ҳаловатни йўқотиш чораларини кўрган маъқул. Зеро, соғайишга ишониш ва яхши ният қилиш керак!..

Беморларнинг сатурациясини пульсоксиметрда ўлчаб юрган Ҳамшира Санобар ва нафас олишга қийналаётганларга кислород концентраторини улаб чиқаётган фельдшер Абдураҳмон билан ҳам гаплашдим. Уларнинг қуйидаги дилсўзи ёдимда қолди:

«Карантин ҳудудли махсус шифохонада кечган хавфли, машаққатли, лекин эсда қоларли, шарафли кунларимиздан розимиз!»

Орифжон Жўраев,

журналист.

© namangan24.uz

--> -->