Миллий адабиётимизнинг ёрқин намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ шоири Ҳабиб Саъдулла (Ҳабибулло Сайдуллаев) ҳаёт бўлганида бугун 77 ёшни қарши олган бўлар эди.

Ҳабиб Саъдулла 1942 йил 5 апрелда Наманган шаҳрида туғилган. Вилоят марказидаги 5-умумтаълим мактабида ўқиган. 1971 йили Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Бир муддат “Муштум” журнали, “Наманган ҳақиқати” газеталарда фаолият кўрсатган. 1973-1990 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлимининг масъул котиби бўлиб ишлаган.

Унинг “Океандан шабада” номли биринчи китоби 1969 йилда нашр этилган. Шундан сўнг “Баҳор билан суҳбат”, “Мулоқот”, “Яна остонангда”, “Эҳтиром”, “Усмон атлас”, “Нур қадри”, “Боғлар юртин боласимиз”, “Тазарру”, “Кўчамдан жонон ўтганда” каби шеърий тўпламлари нашр этилди. Шунингдек, «Юсуф ва Зулайҳо» драмаси ва «Рахмат, иғвогар» комедиясини ҳам ёзган.

Ҳабиб Саъдулла ўзбек замонавий достончилиги ривожига муносиб ҳисса қўшган. “Туғилган йилим”, “Онаизор”, “Тирик қурбонлар”, “Замин садоси”, “Еттинчи қитъа”, “Эътиқод”, “Чуст ривояти” каби ғоявий юксак, бадиий пухта достонлари бунинг ёрқин далилир.

Ижодкор адабиётимиз равнақи йўлидаги хизматлари учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони (1992), “Эл-юрт ҳурмати” (2003) ордени, биринчи даражали давлат мукофоти (вафотидан сўнг) билан мукофотланган.

Ҳабиб Саъдулла 2006 йил 1 мартда Наманган шаҳрида вафот этган.

Сизларга, таниқли шоиримиз қаламига мансуб, Ўзбекистон халқ артисти, раҳматли Камолиддин Раҳимов томонидан қўшиқ қилиб айтилган “Кўчамдан жонон ўтганда” шеърини келтиришни жоиз деб билдик:

 

КЎЧАМДАН ЖОНОН ЎТГАНДА

Таралгай мушк ила анбар,
Кўчамдан жонон ўтганда,
Изида тупроқ ўлгай зар,
Кўчамдан жонон ўтганда.

Бошига соябон бўлмоқ
Умидида ошиб девор,
Бутоқлар таъзим айларлар,
Кўчамдан жонон ўтганда.

Деворга жон ато этгай,
Вале тошлар эриб кетгай,
Агар бир бор нигоҳ айлар
Кўчамдан жонон ўтганда.

Жамолини тамошо қилғали
Чиққач, девор ўлсам,
Кулар ҳолимга мажнунлар,
Кўчамдан жонон ўтганда.

Бошимга ёғса ҳам ғавго,
Ишим йўл пойламоқ, аммо
Нигоҳ солмай этар баттар
Кўчамдан жонон ўтганда.

Тикибсан йўлида жонни,
Ҳабиб, бас, ноумид бўлма,
Тун ортидан келур кунлар,
Кўчамдан жонон ўтганда.

Ҳабиб Саъдулла.

 

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->