Йил номига муносиб бўлайлик!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига мурожаатномасини Наманган муҳандислик-технология институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари катта фаоллар зали ҳамда маъруза залларида ўрнатилган экранлар орқали диққат ва чуқур мушоҳада билан тингладик.
Мурожаатномада Юртбошимиз 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли технологияларни ривожлантириш йили” деб эътироф этганлиги юртимизда илм ва таълим масалалари нечоғлик устувор аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради.
Жорий йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили деб ном берилишида улкан маъно мужассам. Чунки илм-маърифат ривожланган, олимлари эъзозланган жойда тараққиёт бўлади. Бунинг учун ҳар бир зиёли шу мамлакатнинг келажагини ўз келажаги деб билса, унинг йўлида фидойилик кўрсатсагина ҳақиқий ватанпарвар бўлади.
Президентимиз илм-маърифат ва технологиялар ривожига алоҳида тўхталиб, Шарқ донишмандларининг қуйидаги сўзларини келтирди: “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”.
“Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Юртбошимиз ўз сўзида “Олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратишимиз шарт. Шунинг учун, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2020 йилда камида 25 фоизга ва келгусида 50-60 фоизга етказамиз”, дея алоҳида таъкидлади.
Бу ўз навбатида барча соҳа ва тармоқларда ўз олдимизга қўйган каттадан катта марра ва мақсадларимиз рўёби йўлида сидқидилдан хизмат қиладиган, бор куч ва салоҳиятини сафарбар қила оладиган етук кадрларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз сўзларида таълимнинг барча босқичларида ислоҳотлар давомийлигини таъминлаш мақсадида амалга ошириш зарур бўлган асосий вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Олий таълимда давлат грантлари икки баробарга кўпайтирилиши барчамизни бирдек қувонтирди. Қолаверса, бу иқтидорли талабаларни олий таълимга кенг жалб этиш ва ўз навбатида уларни рағбатлантиришга хизмат қилади. Айниқса, қизларимиз учун алоҳида грантлар ажратилиши эътирофга моликдир.
Олий таълим стандартлари хорижий тажриба асосида такомиллаштирилади, таълим йўналишлари ва ўқитиладиган фанлар қайта кўриб чиқилади. Мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилади. Энди аниқ ва табиий фанларга йиллар давомида, хусусан жорий йилда математика, химия-биология, геология фанларига тадрижий эътибор қаратиладиган бўлди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 700 дан зиёд мутахассисларимиз чет эл олийгоҳларига юборилади. Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу хайрли ташаббуслар олий таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда уни жадал ривожлантиришда ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳига нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шартлиги устувор топшириқ сифатида белгиланди.
Институтимизнинг сўнгги уч йилдаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, Россия, АҚШ, Португалия, Покистон, Малайзия, Ҳиндистон, Голландия, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Белорусь каби давлатлардаги 20дан зиёд олийгоҳлар билан илмий ва амалий ҳамкорлик қилинмоқда.
Мазкур йўналишда Президентимиз Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ривожланган хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ишларимизни янада такомиллаштириш ва уюшқоқлик билан иш ташкил этишимиз лозим бўлади.
Президентимиз куюнчаклик билан айтиб ўтган долзарб масалалардан бири жамиятимиз ривожига болта ураётган энг катта қусур – коррупцияга қарши кураш масаласига алохида тўхталиб, бу борада Давлатимиз раҳбари томонидан коррупцияни илдизи билан қуритиш мақсадида таклиф этган “ҳалоллик вакцинаси” хусусидаги фикрлари ҳар қандай тафаккур соҳибини фикрлашга чорлайди. Гарчи бу вакцина оламнинг бир зарраси бўлсада, қалбларни тўғри йўлга бошлайдиган виждоннинг бир бўлаги десак тўғри бўлади.
Ушбу долзарб масала биз олий таълим соҳаси мутасаддиларини ҳам янада огоҳ, ҳушёр ва ўта масъулиятли бўлишга ундайди. Бу ўз навбатида институтимиз профессор-ўқитувчисидан тортиб, талаба-ёшларгача жиддий масъулият билан ёндашишлари, олий таълимни коррупциядан ҳоли тизимга айлантиришда жонбозлик кўрсатишлари тақозо этилади.
Бир сўз билан айтганда, халқимиз юрагидан чуқур жой олган ҳаётбахш Мурожаатнома ҳар биримизнинг фаолиятимизда дастуриламал вазифага, қалбимиз қўъри ва виждон амрига айланмоғи лозим.
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
физика-математика фанлари доктори, профессор.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
© namangan24.uz