Сайловлар мамлакатда давлат ҳокимиятини фуқароларнинг хоҳиш-–истакларини қонуний йўл билан шакллантириш воситаси, фуқароларнинг ўз мамлакатларини билвосита (вакиллари орқали) бошқаришда иштирок этиш усулидир.

Сайловлар орқали мамлакат аҳолисининг оқ-қорани таниган, дунёқараши шаклланган, маълум ёшдаги кўпчилик қисмининг фикри орқали мамлакатни бошқаришга қодир бўлган лаёқатли кишилар танланади ва улар халқ номидан давлатни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритадилар. Шу тариқа марказий ва маҳаллий ҳокимият органлари таркибига сайланган сиёсий элита (сараланган кишилар) зиммасига сайловчилар ишончини оқлашдек ўта масъулиятли вазифа юклатилади. Халқ ишончини оқлай олмаган сиёсий элитанинг ваколатлари навбатдаги ёки навбатдан ташқари чақириладиган сайловлар натижасида бошқа кишилар қўлига ўтиши мумкин.

Адолатли, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини бунёд этишнинг энг самарали ва бирдан-бир тўғри йўли умумхалқ сайловлари эканлиги эндиликда ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ўз исботини топди, дейишга барча асослар бор. Буни илғор демократик мамлакатлар тажрибасида кўрсатиб турибди. 

Ҳозирги замон сайлов тизимининг конституциявий принциплари жумласига умумий, тенг, тўғридан тўғри сацлов ва яшириш овоз бериш ҳуқуқлари киради. Ушбу қонун – қоидаларга кўра, сайлаш ёшига етган фуқаролар ўзларининг ижтимоий келиб чиқиши, ирқи, миллати, жинси, тили, дини, маълумоти ва машғулоти туридан қатъий назар давлат ҳокимиятининг барча вертикал тизими (олий, ўрта ва қуйи бўғинлари)ни яширин овоз бериш орқали сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида таъкидлаб, “...Шу ўринда сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Бу борада қабул қилинган 6 та қонун ва бир қатор қонуности ҳужжатлари, афсуски, ҳалигача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаган. Шу сабабли халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим”, деган вазифани қўйган эди. Бу ўз навбатида давлатимизнинг янги тарих палласига кўтарилиши асос бўлиб хизмат қилди.

Энг илғор халқаро стандартлар асосида, қисқа фурсат ичида мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Қайд этиш жоизки, сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатларнинг тажрибаси ўрганилди. Айни пайтда, хорижий мамлакатлар сайлов қонунчилиги ва тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда 40 қа яқин давлатда, хусусан Франция, Бельгия, Бразилия, Беларусь ва Озарбойжон каби давлатларда сайлов кодекслари қабул қилинган. Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги йилларда аксарият мамлакатларда, жумладан Чехия, Россия Федерацияси, Қозоғистонда сайлов қонунчилигини тизимлаштириш орқали уни ягона кодекс шаклида қабул қилишга бўлган ҳаракат кучайиб бормоқда.

Сайлов кодекси 18 боб, 103 моддадан иборат бўлиб, илгари сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган мутлақо янги тартиб ва қоидалар билан янада такомиллаштирилди: Хусусан:

– Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари учун Қонунчилик палатасига махсус ўрин ажратиш тартиби бекор қилинди, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлик (150 нафар) ўринлари сақлаб қолинди;

– сайловчилар ягона электрон рўйхатининг амал қилиш тартиби қонун даражасида белгиланди, ягона ҳужжат – сайлов бюллетенини жорий этиш орқали «сайлов варақаси» бекор қилиниб, муддатдан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришда фойдаланиш имкони яратилди;

– сайловларни ташкиллаштириш, ўтказиш ва натижаларини эълон қилиш масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби жорий этилди;

– сайловчига сиёсий партиялар томонидан имзолар тўплаш жараёнида бир неча номзодлар ёки партияларни қўллаб-қувватлаш учун имзо қўйиш имкони берилди;

– сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга + ёки √ ёхуд Х белгисини қўйиши мумкинлиги белгиланди;

– барчанинг танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссиясининг овозларни санаб чиқиш ҳақидаги баённома нусхаларини сайлов участкасида 48 соатдан кам бўлмаган муддатга дарҳол осиб қўйиш тартиби жорий этилди;

– давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов пайтида сайлов округларини тузишдаги сайловчилар сонидаги мумкин бўлган максимал фарқ 10 фоиздан ошмаслиги ҳақидаги қоида назарда тутилди;

– участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниши ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилиши назарда тутилди;

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар бир пайтнинг ўзида ўтказилган ҳолларда ягона сайлов участкасини ташкил этиш кўзда тутилди;

– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоларини сайлаш тартиби қонун даражасида белгиланди;

– барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзоларига қўйиладиган талаблар (йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин) мустаҳкамланди;

– участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниши ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилиши тартиби белгиланди;

- Сайловларда фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқини янада кафолатлаш мақсадида, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларни сайлаш ҳуқуқини амалга ошириш;

– Марказий сайлов комиссияси аъзоларига Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзоларига нисбатан қўлланиладиган дахлсизлик тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилиши назарда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси сайлов кодекси мамлакатимизда халқаро норма ва стандартларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, сайловга оид қонунчилик нормаларининг унификациясига, номувофиқлик ва коллизияларнинг бартараф этилишига, энг муҳими фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлашга мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.      

Сайлов тарихига назар солиш билан бирга сайловлар бир қатор ижтимоий –сиёсий вазифаларни ҳам бажаради.

Биринчидан, сайловлар ҳокимият учун ўзаро курашувчи турли ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини руёбга чиқариг механизмларидан бири ҳисобланади.

Иккинчидан, сайловолди кампанияси даврида кишилар онгида шаклланадиган муҳим сиёсий, иқтисодий, ижтимоий муаммоларга нисбатан уларнинг муносабатини намоён қилади ҳамда жамият олдида турган муаммоларнинг моҳиятини, уларнинг ечимини ўзига хос усулларда ҳал этиш имкониятларини кўрсатади.

Мустақиллик йилларида сайлов қонунчилиги изчиллик билан, босқичма – босқич ривожланиб борди. Ўзбекистон сайлов тарихи ҳар бир босқичида Конституция ва халқаро андозаларга мос равишда ислоҳотлар мақсади ва фуқаролар сиёсий ҳуқуқий онгининг ўсиб боришига мутаносиб тарзда янги поғонага кўтарилди. Бошқача қилиб айтганда, сайловнинг амалиётда изчил қўлланилиши мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг таркибий қисмига айланди.

Шуни айтиш мумкинки, давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг асосий воситаси ҳисобланган – демократиянинг кўзгуси, умумхалқ сайловларининг мазмун-моҳияти, унинг қисқача тарихи, бу ўта муҳим сиёсий тадбирни амалга оширишда жаҳон мамлакатлари тўплаган тажриба ва сайловларнинг бугунги кунда жамиятнинг сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти жуда каттадир.

Отабек Юлдашев,

Президент сайловини ўтказувчи

6-Наманган округ сайлов комиссияси котиби, фалсафа фанлари доктори.
© namangan24.uz

--> -->