Соф эътиқод илмга боғлиқдур
Инсоният яралибдики оқ ва қора, яхши-ёмон, тўғрию эгри каби қарамақаршиликлар ичидадир. Муборак динимизнинг соф ғояси қаршисида ҳам бир иллат жаҳолат борки унинг турли кўринишлари билан курашиб келади. Жаҳолатнинг асосий омили бу илимсизликдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон соф эътиқод йўлида илм талаб қилмоғи зарурдир.
Қуръони каримда хабар берилади:
﴿يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ﴾
яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
Илм олишни, китоб ўқишни тарғиб қилар эканмиз ёшларимиз бу мавзуда эътиборли бўлсинлар.
Улуғ ҳакимларнинг машҳур гаплари бор:
اَلْعِلْمُ فِي الصِّغَرِ كَالنَّقْشِ عَلَى الْحَجَرِ
яъни: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”. Ушбу ҳикматни чуқур англаган ҳолда ҳар бир толиби илм ўзига талабчан бўлмоғи зарур.
Илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:
"وَمَنْ سَلَكَ طَرِيقاً يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْماً، سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقاً إِلَى الجَنَّةِ" )رواه الامامُ مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Қуйидаги оятларда эса Аллоҳ таоло адолат билан гувоҳлик беришда илм эгаларини ўзи ва фаришталар қаторида зикр қилади. Бу – илм аҳлига берилган катта баҳодир:
﴿شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ﴾
яъни: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Машҳур саҳоба ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар:
أَقَلُّ اَلنَّاسِ قِيمَةً أَقَلُّهُمْ عِلْماً
яъни: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.
Нуруллохон Жамолов,
Наманган шаҳридаги "Яхёхон тўра"
жомеъ-масжиди имом хатиби.
© namangan24.uz