Мамлакатимизда фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбарияти томонидан бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августидаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғриси”ги қарори ҳамда 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, халқ таълими тизимидаги муассасаларнинг ўқитувчилари ва ишчи-ходимларини фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга, яъни ободонлаштириш, дала ишлари, пахта йиғим-терими, мажлисларда қатнашиш, обуна, уйма-уй юриш ва бошқа тадбирларга жалб этилмаслик вазифалари юклатилган.

Таассуфки, шунга қарамай ижтимоий тармоқлар ва етакчи интернет сайтларида вилоятимизнинг Косонсой ва Чуст туманларида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлиги билан боғлиқ хабарлар ёритилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хўш, сизу биз кўп бора эшитаётган “Мажбурий меҳнат” тушунчасидан қай даражада хабардормиз? Мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун қонунчилигимизда қандай чоралар белгиланган? Айни шу саволларга жавоб олиш мақсадида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Анваржон ДЎЛМОНОВни суҳбатга тортдик:

- Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига асосан “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.”

Бу каби меъёрлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасида қуйидагича баён этилган:

“Мажбурий меҳнат, яъни бирон бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади”.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 29,-105-сонли конвенциялари ҳам мажбурий меҳнатга қаратилган бўлиб, миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур ҳужжат давлат органлари ишидаги тизимли камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, мамлакатимизда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига тўлиқ барҳам беришга қаратилган.

- Мажбурий меҳнат нима ва у қандай кўринишларга эга? Шу ҳақда тўхталиб ўтсангиз...

- Мажбурий меҳнат – бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Яъни, ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва ҳоказо таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас.

Демак, ходимни зўрлаш, ёки қўрқитиш, жазо қўллаш, меҳнат фаолияти ва рағбатлантиришни чеклаш каби усуллар орқали бевосита мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар қандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат деб топилади. Ходимларни уларнинг ихтиёрисиз ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ва қурилиш ишларига, шунингдек, турли тадбирларга жалб этиш ҳам мажбурий меҳнатнинг кўринишлари деб баҳоланади.

- Мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган ходим биринчи галда қаерга мурожаат этиши керак?

- Мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган ходим республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудлардаги давлат меҳнат инспексияларига ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига, шунингдек, касаба уюшмалари ташкилотларига  мурожаат қилиши мумкин.

- Қонунларимизда мажбурий меҳнатга жалб этган шахсларга нисбатан қандай жазо чоралари белгиланган?

- Иш берувчи ёки бирор мансабдор шахснинг фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиши маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 51-моддасига кўра, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланган. Мансабдор шахсларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилишда, хуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 205-, 206-моддаларига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Қолаверса, бу ҳақда Ҳукуматнинг 2018 йил 10 майдаги 349-сон қарорида ҳам мажбурий меҳнатга йўл қўйган  мансабор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилиши мумкинлиги, бундан ташқари мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли тартибда айбдор шахслар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши юзасидан иш кўрилиши белгиланган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Шундай экан, ҳар биримиз ён атрофимизда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишлари ҳақида маълумотга эга бўлсак, бу ҳақда дархол тегишли давлат органларига хабардор қилишимиз лозим. Зеро, бу билан биз фуқаролик позициямизни кўрсатиб, меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз!

Оқилхон Дадабоев суҳбатлашди.

© namangan24.uz

--> -->