Шу йилнинг 23-24 август кунлари ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги 21-ялпи мажлисида Марказий сайлов комиссиясига тўққиз нафар янги аъзо сайланди.

Сайловлар арафасида овозга қўйилган қуйидаги барча номзодлар Сенат томонидан маъқулланди. Хусусан, халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши томонидан тавсия этилган номзод - Наманган давлат университетининг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича проректори Алишер Исоқбоев ҳам Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолигига сайланди.

Қайд этиш жоиз, номзодлар кеча, 23 август куни Қонунчилик палатаси мажлисида сайланган ва маъқуллаш учун Сенатга юборилган эди.

Маълумот ўрнида,  тарих фанлари номзоди, доцент Алишер Аҳмаджонович Исоқбоев 1978 йил 21 августда Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, Наманган давлат университетини тарих йўналиши бўйича тамомлаган.

Алишер Исоқбоев педагогик фаолиятини 2002 йили Наманган давлат университетинининг “Ўзбекистон тарихи” кафедрасида ўқитувчи лавозимидан бошлаган. Турли йилларда мазкур олийгоҳда раҳбарлик лавозимларида иш олиб борган. 2015 йил 8 июндан Наманган давлат университети маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозимига тайинланган. 2018 йил август ойидан ҳозирга қадар ёшлар билан ишлаш бўйича проректор вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

 Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->