Наманган муҳандислик-қурилиш институти анжуманлар залида бўлган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги VI Конференциясида ЎзМТДП вилоят Кенгаши аъзолари, маҳаллий партия ташкилотлари раҳбарлари, партиядан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган депутатлар, делегатлар, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши раиси Ғайратжон Тўйчибоев сўзга чиқиб, вилоят, шаҳар ва туман ҳудудий партия ташкилотлариининг 2015-2019 йиллардаги фаолияти якуни ҳамда жорий йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш масалаларига тўхталди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида улкан қадамлар ташланди. Бу жараёнда партиямиз ҳам фаол иштирок этиб, ижтимоий-сиёсий масалаларда ўзининг қатъий позициясини кўрсатди.

- Демократик сайловлар – мустаҳкам демократик тамойиллар ифодасидир. Ўз навбатида сайлов, мамлакат учун, сайланувчи ва сайловчилар учун ҳам чинакам синов ҳисобланади, - деди партия вилоят кенгаши раиси Ғайратжон Тўйчибоев. - Чунки, Президентимиз таъкидлаганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, фуқаролик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”. Янги сайловлар илк бор Сайлов кодекси асосида ўтади. Шу боис бўлажак сайловларга ҳозирдан қизғин тайёргарлик кўриш нақадар зарурлигини чуқур ҳис қилмоқдамиз.

Конферецияда таъкидланганидек, бугунги кунга келиб, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Наманган вилояти бўйича аъзолари 16 минг 300 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 427 тани ташкил этмоқда.

Айни пайтда Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида партиядан сайланган 60 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. Ўтган ҳисобот даврида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар 1 минг 600дан зиёд депутатлик сўровини амалга оширди. Партия депутатлик гуруҳлари томонидан 148 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботлари тингланди. Маҳаллий Кенгашлар сессияларига 159 та ташаббус-масала киритилди.

Турсунбой Файзуллаев, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати, сиёсий фанлар доктори, профессор:

- Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз иш режасини “халқ – жамият – давлат” манфаатлари нуқтаи назаридан жойларда депутатлик бирлашмаларининг халқ билан мулоқот қилиши натижасида шакллантирди. Бу эса, албатта фаолиятимизнинг сифатига ижобий таъсир кўрсатди. Зеро, бугун демократик янгиланишлар даврида яшаётган сайловчи  ва электоратнинг ҳақли саволлари жавобсиз қолиши сиёсий кучнинг жамиятда таъсирини камайишига ёки уни обрўсизланишига олиб келиши турган гап.

Шу боис ҳам, замоннинг ўткир саволларига эртага ё индинга эмас, балки бугун тўғри жавобни бериш партиянинг асосий мақсадига айланди. Натижада партия ва унинг депутатлик гуруҳлари фаолиятида ваъдалар камайиб, амалий ишларга эътибор қаратилди.

Президентимизнинг “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”, - деган ўткир танқидий фикрларидан келиб чиққан ҳолда партиямиз фаоллари кейинги йилларда ўз фаолиятида туб ўзгаришларни амалга оширганлигини алоҳида айтиб ўтмоқчиман.

Фикрларимиз исботи сифатида шуни айтиш керакки, ЎзМТДП гуруҳлари томонидан 2014 йил давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартибига атига 4 та масала киритилган бўлса, жорий йилнинг ўтган 9 ойи якунлари бўйича 42 та масала сессиялар муҳокамасига олиб чиқилди. Бу ўз навбатида маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаоллашгани, депутатларнинг ўзига бўлган масъулияти ва талабчанлиги ошганлиги, энг муҳими одамларнинг дарду ташвишларини тинглаш ва ҳал этиш борасида сезиларли силжишлар кузатилганлигини кўрсатади.

Бугун юртимизда бир нечта сиёсий кучларнинг фаолият кўрсатаётгани жамиятда соғлом рақобатни вужудга келтириб, уларни чинакамига курашга чорламоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бу жараёнда фаол иштирок этиб, эл назарида бўлишга, чин маънода халқ ишонган партияга айланишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунга эришиш учун аввало, партия давр шиддатига ва бугунги кун талабига мос ҳолда иш олиб бориши керак.

Конференцияда айтиб ўтилганидек, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида маҳаллаларда истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган, вақтинча ишсиз хотин-қизларга қўшимча бепул касб-ҳунарга ўргатиш учун “Хизмат - беминнат” лойиҳаси доирасида ўтган давр ичида вилоят ҳудудлари бўйича 100 та бепул ўқув курслари ташкил қилинди. Ўқув курсларида 300 нафардан ортиқ уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларга қўшимча бепул таълим берилди ҳамда касб ҳунар ўргатилди.

“Уйма-уй”лойиҳаси доирасида ўтган ҳисобот даврида жами мингдан зиёд хонадонларга ташриф буюрилди. Учрашувлар натижасида 50 нафардан ортиқ хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратилди. 30 нафардан зиёд болали оилаларнинг жажжи фарзандлари мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштирилди. 60 нафардан ортиқ бемор фарзанди бор оилаларни бепул тиббий кўрикдан ўтиши ва даволанишлари учун йўлланма олишларига яқиндан кўмаклашилди.

Ўтган ҳисобот даврида партия вилоят, шаҳар ва туман ташкилотлари томонидан одамларни, хусусан электроат вакиллари рози қилиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларда кўтарилаётган масалаларни ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўтган ҳисобот даврида партия қабулхоналарига тиббиёт, бандлик, таълим, банк кредитлари, коммунал хизматлари таъминоти ва тўловлари каби масалаларга оид келиб тушган 1088 та мурожаатнинг 388 таси ўз жойида партия кўмагида ижобий ҳал қилинди. 245 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий маслаҳат берилган, 455 таси ўрганиб чиқиш учун тегишли ташкилотларга юборилган.

ЎзМТДП Сайловолди Платформасида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда вилоятдаги мавжуд моддий-маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари ташкил этилиб, Наманган вилояти ҳокимининг 2011 йил 7 апрел кунги 106-сонли қарори билан тасдиқланган 282 та моддий маданий мерос объектида хатлов ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида мавжуд моддий-маданий мерос объектларидан 73 тасининг бугунги ҳолати талаб даражасида эмаслиги, 15 та тарихий маскан авария ҳолатига келиб қолганлиги аниқланди.

Анжуманда шу йил 1 ноябрь куни Тошкентда бўладиган ЎзМТДП VI Съездига вилоятимиздан қатнашадиган делегатлар сайланди, конференциялар оралиғида вилоят Кенгаши аъзолари таркибига киритилган ўзгаришларни тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Маърузаларда кун тартибидаги барча масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси

Наманган вилояти кенгаши ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->