Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига асосан яқинда бир гуруҳ ватандошларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланишди.

Юртимизнинг турли соҳа ва тармоқларида, шу жумладан таълим-тарбия соҳасида узоқ йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган, мамлакат равнақи ҳамда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшгани учун тадбиркор-ҳомийлар қаторида Наманган шаҳридаги “ANAMED” тиббий диагностика маркази таъсисчиси, 40 йиллик педагогик иш тажрибасига эга бўлган Тоштилла ая Салоҳитдинова I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бутун умрини маърифатга бағишлаган, вилоятимиз марказидаги 4-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилган, 1-сонли болалар боғчасида мудира лавозимида ишлаган 84 ёшли табаррук ҳожи аяни ушбу мукофот билан чин дилдан муборакбод этамиз!

“Халқ маъорифи аълочиси” фахрий унвон сохибаси Тоштилла аяни Республикамиздаги пешқадам ҳомийлар ва тадбиркорлар қаторида “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига муносиб кўрилгани бежизга эмас. Ҳожи аянинг қимматли маслаҳатлари билан фарзандлари Наманган шаҳрида хусусий тиббиётни ривожлантириш, аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида “ANAMED” диагностика марказига асос солишди. Бунинг натижасида вилоятимизда кўплаб жаҳон меъёрларига мос келадиган даражада тиббий хизмат кўрсатиш имконини берувчи даволаш-профилактика муассаса барпо этилди.  Беморларга арзон ва сифатли ташхис қўйиш асносида бу шифо масканида 30дан ортиқ иш ўрни яратилди. Беморларни стационар усулда даволаш мақсадида шифохона биноси ҳам бунёд қилинди.

1939 йил 8 сентябрда зиёли оилада туғилган онахоннинг ака-ука ва опа-сингилларининг барча барчалари ўқимишли, тажрибали ва етук мутахассис. Айниқса, Наманганимизнинг ифтихори, Ватанимизнинг кўзга кўринган олимларидан  бири, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Маҳмуджон Салоҳитдиновдан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Ака ва опалари изидан борган Тоштилла Салоҳитдинова мактабни битиргач, Наманган давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетига ўқишга киради. 1961 йилда олийгоҳни тамомлагач меҳнат фаолиятини Наманган шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактабида оддий ўқитувчиликдан бошлади. Сўнгра, Наманган шаҳридаги 1-сонли мактабгача таълим муассасасига мудирлик қилиш билан бирга, кечки мактабда муаллимлик фаолиятини давом эттирди.

Олти нафар фарзандни вояга етказиб, эл корига ярайдиган, олий маълумотлик, комил инсон қилиб тарбиялади. Хусусан, ўғил фарзандларидан бири - Носирбек Абдуллахонов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида фаолият юритмоқда. Сенаторлар орасида биринчилардан бўлиб, умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун "Сенатор стипендияси"ни таъсис этган. 

Табаррук Ҳаж зиёратини адо этган Тоштилла ҳожиаяни маҳалладошлари маслаҳатгўй ва дуогўй онахон сифатида эъзозлашади. Шукурким, ҳожиая бугунги кунда фарзандлари, 18 набира ва 16 эваралари даврасида умргузаронлик қилиб, нуронийлик гаштини сурмоқдалар.

Тилагимиз шуки, Тоштилла ая Салоҳитдинова каби табаррук кайвони онахонларимиз ҳамиша омон бўлишсин!

© namangan24.uz

--> -->