Маммоскрининг - бу аёллар учун кўкрак бези саратони келиб чиқиш хавфининг олдини олиш мумкин бўлган муҳим текширув усулларидан биридир.

Сут бези саратони ҳозирда саратон касалликлари орасида дунё бўйича етакчи ўринларни эгаллаб келаётган касаллик бўлиб қолмоқда. Сут безлари сут ишлаб чиқаради ва генератив системанинг қўшимча безларига тегишлидир. Уларнинг шакли ва ўлчами ҳаётнинг турли даврларида ва ҳар бир аёлда индивидуал тарзда намоён бўлади.

Унутмаслик керакки, ҳеч ким сут бези саратони кимда ва қачон учрашини аниқ айтиб бера олмайди, лекин касалликдан ҳимояланиш, саратон касаллигини келиб чиқиш хавфини камайтириш ҳар бир аёлнинг ўзига боғлиқ.

Энг оддий, харажатларсиз усули – бу ўз-ўзини текшириш усулидир. Аёллар қуйидаги тавсияларга эътибор қаратишлари зарур:

- Ўзини-ўзи  текширишни ҳар бир ҳайздан бир ҳафтадан сўнг ўтказиш лозим.

- Агар ҳайз бўлмаса (менопауза ёки бошқа сабаблар туфайли) текширувни ҳар ойда айнан бир кунда ўтказиш лозим.

- Агар сиз сут бези тўқимасида, терисида ёки сургичида бирор-бир ўзгаришлар сезсангиз, дарҳол маммолог врачга мурожаат қилишингиз керак.

- Сут бези саратон касаллигини эрта босқичларда аниқлашнинг энг муҳим, самарали  текширувларидан бири бу - маммографик текширув усулидир. Маммографияда сут безидаги ўсмани аёл уни пайпаслаб аниқлашидан анча аввалроқ аниқлаш мумкин. 

- Касаллик қанча эрта аниқланса, унинг даволаш натижалари ҳам шунчалик самарали бўлади. Агар ўсма кичик ўлчамда ва сут бези тўқимаси ичида (чегараланган) бўлса, даводан сўнгги беш йиллик яшаш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилади.

Республика Онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида 2017 йил ноябрь ойидан бошлаб, Япония гранти асосида келтирилган ракамли маммограф аппарати ёрдамида вилоятимизда яшовчи 40-60 ёшли аёлларни маммоскринингдан ўтказиш бошланган. Биргина, ўтган йил давомида 303716 нафар 40-60 ёшли аёллардан 4654 нафарини маммоскринингдан ўтказилди.

Шу ўринда, қуйидаги омиллар сут бези саратон касаллигига олиб келиши мумкин:

- Исталмаган ҳомиладорлик, яъни абортлар сонининг ошиши. Айниқса, биринчи марта 17 ёшдан эрта аборт ўтказилиши. Эрта бошланган жинсий ҳаёт.

- Кўкрак сути билан эмизмаслик ёки қисқа муддат эмизиш.

- Наслий омиллар: яқин қариндошларида, кўпроқ она авлодида тухумдон ёки йўғон ичак саратони бўлиши.

- Семизлик. Маълумки, семизлик қандли диабет ёки гипертония касаллиги билан кечса, сут бези саратонини икки баробар оширади.

- Ёлғизликда яшовчи аёллар, оилавий муносабатда турғун яшамайдиганлар, номунтазам, пала-партиш жинсий ҳаёт кечирувчилар.

- Ҳайз циклини 12 ёшдан эрта бошланиши, 55 ёшдан кейинги менопаузалар, шунингдек, 30 ёшдан кейинги биринчи туғруқ, ҳомиладорликни бўлмаслиги.

- Турли хил стресслар.

- Сут безларидаги турли хил шикастлар.

Маммоскрининг эса ушбу белгилар сезилмасдан аввал ҳам касалликнинг аниқлаб бериш имкониятига эга.

Аёлларга ўзлари яшаб турган Онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида маммоскринингдан ўтиб, ҳаётларини соғлом ва беташвиш давом эттиришларини эслатиб ўтамиз. Унутманг! ҳеч ким сут бези саратони кимда ва қачон учрашини аниқ айтиб бера олмайди, лекин касалликдан ҳимояланиш, саратон касаллигини келиб чиқиш хавфини камайтириш ўз қўлингизда.

Лутфияхон Бозорова,

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази

Наманган филиали маммология бўлими мудири.

© namangan24.uz

--> -->