Шу йил 20 майдан Наманган вилоятидаги туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларида кадастр паспортининг янги намунасини  бериш бошланди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Давлат хизматлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

2019 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш бўйича қарори қабул қилинган эди.

Эндиликда мазкур қарор бўйича Наманган вилоятдаги туман (шаҳар) ДХМда Республика Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг пластик шаклда тайёрланадиган кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини (янги намунадаги кадастр паспорти)бериш бошланди.

Бугундан бошлаб, Дават хизматлари марказларига кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш юзасидан мурожаат этилганда янги намунадаги кадастр поспортини берилади.

Янги намунадаги кадастр паспорти аввало, барча кадастр маълумотлари бир жойда ягона маълумотлар базасида сақланади. Смарт карта ичидаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади. Уй-жой билан боғлиқ барча кадастр ишлари доимий равишда электрон қайд этиб борилади ҳамда электрон кадастр тарихи вужудга келади. Агарда эҳтиётсизлик оқибатида, смарт карта йўқолиб қолса ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган вазиятларда эса масофадан туриб блокланади ва қисқа вақт ичида янги кадастр паспорти тақдим этилади.

Геопортал билан интеграция натижасида уй-жойнинг географик майдони ва чегараси тўғрисида ўта аниқ маълумот смарт картадан жой олади. Махсус мобил илова орқали кадастр паспорти маълумотларини кўриш имкони яратилади. Бунинг учун смарт картани телефонга яқинлаштириш кифоя. 

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, янги намунадаги кадастр паспортида QR-код тизими мавжуд. Ушбу тизим орқали мулкдорлар вокалатли ташкилотларга мурожаат этмасдан туриб, кўчмас мулк тўғрисидаги барча маълумотларни исталган вақтларида “QR scanner” мобиль иловаси орқали олишлари мумкин.

© namangan24.uz

--> -->