Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 44-моддасига кўра, депутатликка номзодлар ташвиқотни сайловчиларга имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш билан қўшиб олиб бориш тақиқланган.

Мазкур тартиб қонун билан қатъий белгилаб қўйилишига қарамасдан, Халқ депутатлари вилоят кенгашига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Наманган шаҳридаги “32-Исфархон” сайлов округидан номзоди кўрсатилган Зокиржон Ходжаев 2019 йил 3-4 декабрь кунлари Наманган шаҳридаги номзоди қўйилган “Ҳақиқат” ва “Марғилон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи сайловчилар билан учрашиб, сайлов куни унга овоз беришлари учун уларга озиқ-овқат маҳсулотларини текин тарқатиб, сайловолди ташвиқотини олиб борган, дея хабар бермоқда Бош прокуратуранинг телеграмдаги канали.

Ушбу ҳолат юзасидан, Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Зокиржон Ходжаевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-5-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Наманган шаҳар маъмурий судига юборилган.

Наманган шаҳар маъмурий судининг 20.12.2019 йилдаги қарорига асосан Зокиржон Ходжаев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-5-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

© namangan24.uz

--> -->