ШОҲ МАШРАБГА ҲУРМАТИМИЗ ШУМИ...
Бугун (2019 йил, 23 май куни) Наманган вилояти ҳокимлиги ва театри биноси оралиғида жойлашган Адиблар хиёбонида оташнафас шоир Бобораҳим Машрабнинг 379 йиллиги ТОР доирада ўтказилди.
Афсуски, мумтоз адабиётимизнинг ёрқин вакили, ҳамюртимиз Машраб бобога эҳтиром йилдан-йилга пасайиб бормоқда.
Тадбирнинг очилиш маросими мисолида фикр юритмоқдамиз. Кимни айбдор қилишни ҳам билмайсан киши. Хўш, бунга сабаб нима, шу қадар ҳам хўжакўрсинга адабиёт байрами ташкил этиладими?
Машрабхонликка алоқадор саноқлигина одам қатнашганига нима дейсиз.
Энг асосийси, ҳар йили пойтахтдан таниқли шоир-ёзувчилар ташриф буюришарди. Вилоят ва шаҳар ҳокимлари шахсан ўзлари иштирок этишарди. Вилоят раҳбари (қоғозга қарамасдан, бир маромда тутилмасдан маъноли ва қимматли фикрлар билан сўзларди)нинг чиройли нутқидан ижодкорлар илҳом, куч олишарди. Хуллас, ҳокимлар қатнашган тадбир кўтаринки руҳда ўтарди.
Бу сафар эса, иккала ҳокимлар қандайдир сабаб билан кечага чиқишолмади, ўринбосарлари келишди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Машрабни адабиётшунос олим деб атаганини кимлардир сезди-сезмади. Катта хотира тадбирига томошабинлар номига чақирилгандай. Иқтидорли ёшлар, ҳақиқий машрабона ижодкорлар йўқ ҳисоби.
Маҳзун таралган қўшиққа қўшилиб, «Аллома Машрабга муносабат шуми?!» дея йиғлагинг келади... Машрабхонлик тадбирини 10-маротаба кўришим. Авваллари Машраб ҳайкали шаҳарнинг бир четида турганига қарамай, юксак савияда уюштириларди. Наҳорда элга ош тарқатиларди (ҳозир ҳам ифторлик дастурхони ёзилса, маъқул эди), улуғ аждодимиз руҳи учун дуою фотиҳалар, ғазаллар ўқиларди. Майдонда кенг ҳажмда китоб кўргазмалари намойиш қилинарди. Тошкентдан машҳур актёр ва хонандалар таклиф этиларди. Машраб ижоди чин дилдан ёдга олиниб, чуқур ва кенг миқёсда ўрганиларди, тарғиб этиларди. Байрам даражасида ўтиши билан қалбларга муҳрланарди. Корхона-ташкилотлар раҳбарлари ўзлари шахсан Машраб ҳайкали пойига ҳашамдор гулчамбар қўйишиб, ҳурмат бажо келтиришарди.
Энди-чи, сават-сават гул «букет»ларни қўйишга пайдо бўладиган турнақатор навбатлар йўқ. 10 тача ҳилвираган гул тўпламидан бошқа ҳеч вақони тополмадик. Маъмурий идоралар ҳудуди атрофига, ҳамма ҳавас-ла интилган гуллар шаҳрига шу ярашадими?!
Эҳҳҳ, кўпчилик учун зерикарли туюладиган бундай тадбир бугун янада мазмунсиз, таассуротсиз аҳамият касб этди.
Фақатгина яқинда оҳор берилган, тиниқ тўқ жигаррангда жилоланиб турган, яъни янги либос кийган бобомизнинг ғамгин чеҳраси ва дийдор баҳона қадрдонлар билан эсдалик учун тушган суратимиз, иқтидорли ёш актёрнинг шоҳ Машрабнинг Намангандан кетишига акс этган таъсирли ижросигина тасаввурда турибди. Аниқки, мулло Машраб барчамиздан - раҳбару ташкилотчилар, зиёли ва ижодкорлардан қаттиқ хафа бўлди. Ҳолбуки, ҳозиргача бунақаси кетмаганди, шармандалик бу ахир. Хиёбондаги Сўфизода, Ибрат, Усмон Носир, Ҳабиб Саъдулла каби ўнлаб забардаст шоир-ёзувчиларнинг бюстига тикилиб, уларнинг ҳам мийиғида кулиб, хомуш тортганларини туйдим.
Доимгидек, матбуотда завқ-шавқ билан тадбирни ёритгим келди. Негадир қаламим бу сафар айтганимга юрмади.
Мазкур тадбирнинг бошқа жойлардаги кейинги қисмлари қандай давом этгани эса маълум.
Наҳотки, «Дунёнинг чамани, гулларга макон, Машрабни жаҳонга тутган Намангон» деб сарлавҳа қўйишга муносиб ташаббус етишмаса...
Орифжон Жўраев,
журналист.
© namangan24.uz