Бугун (2019 йил, 16 апрель) Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров Наманган шаҳрида аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни кенгайтириш, мавжуд долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси катта залида ташкилланган сайёр қабулда сектор раҳбарлари, вилоятдаги бошқарма, ташкилот ва идоралар раҳбарлари, тегишли мутасаддилар қатнашдилар.

Юзма-юз шаклидаги мулоқотда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларнинг уй-жой, моддий ёрдам, коммунал хизмат, банк, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолияти, соғлиқни сақлаш, бандлик, тадбиркорлик, фермер хўжалиги каби масалаларга оид мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабулни кузатиш асносида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган олижаноб ғоя бугун ҳаётимизнинг барча жабҳаларида яққол кўзга ташланаётганига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.

Қарийиб олти соат давом этган ошкора мулоқотда вилоят раҳбари ўз қабулига нажот ва умид билан келган ҳар бир фуқаронинг кўтарган масаласига, дарду ташвишларига қулоқ тутди. Ҳар бир мурожаатга адолатли ва қонуний ечим изланди. Масаланинг тегишлиги бўйича мутасадди раҳбарларга топшириқ берилди.

Сўзимизнинг амалий исботи сифатида айрим мисолларга юзланамиз: Янгиқўрғон тумани Исковот қишлоғида истиқомат қилувчи ёш оила соҳиби Ҳакимжон Ошуров ҳаётнинг аччиқ чучугини тортган инсонлардан. У бир ёшни ҳам қарши олмаган 8 ойлик дилбанди Турғунойнинг туғма юрак нуқсонига чалинганидан азият чекмоқда. Ҳозиргача туман марказий шифохонаси, хусусий шифохоналарда даволатиб келади. Даволатиш учун дурустгина маблағ сарфлашига тўғри келди. Ҳатто ўз уй-жойини сотган ёш оила эндиликда ижара турибди. Қизини зудлик билан операция қилдириш зарур. Бу масала ижобий ҳал қилинди ҳамда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши операцияга ҳомийлик ёрдамини кўрсатадиган бўлди.

Наманган шаҳрининг “Мингчинор” даҳасида яшовчи Машҳура Саматова фарзандларини илму фанга инитилишларини рағбатлантириб келаётган зиёли оналардан. Олий маълумотга эга бўлган уч фарзанди катта ҳаётда ўз муносиб ўринларини топишган. Транспорт ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомлаган кенжа қизи Рухсора Сатимбоева IELTS дастури бўйича синовда энг юқори балл тўплашга эришди. Япониянинг Бепу шаҳрида жойлашган халқаро алоқалар ва менежментга ихтисослашган Апу университетига грант асосида ўқишга қабул қилинди. Спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон чемпмиони, бир қатор халқаро турнирларда совриндор бўлган бу иқтидорли қизни Шарқий Осиёда таҳсили давомида яшаш ва суғурта харажатлари учун маблағ муаммоси вужудга келган. Илмга чуқур меҳр қўйган Рухсорага вилоят ҳокими амалий ёрдам беришга ваъда берди ва ҳомий ажратиб берди.

- Вилоят ҳокимига каттакон раҳмат, - дея гап бошлади қабулдан чиқиб келган уйчилик Умиджон Қирғизов. – Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг транспорт факультетини тамомлаганимдан кейин, икки йилча иш тополмай юрдим. Бир неча ташкилотларга, хусусан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ҳам ҳужжатларимни топшириб қўйгандим, аммо натижа ҳадеганда бўлавермади. Сайёр қабул натижасида мен вилоят бандлик бошқармасига масъул вазифада иш бошлаш учун ариза ёздим. Насиб этса, катта карьерамни бошлайман.

Наманган шаҳрининг Шишаки маҳалласида истиқомат қилиб келаётган 74 ёшли меҳнат фахрийси Шамсидин Ибрагимовнинг масаласи ҳам ўз жойида ижобий ҳал қилинди. Маълумки, Шишаки ҳудуди аввал Наманган тумани тасарруфида бўлган эди. Қолаверса, отахон ҳовлисини кадастр ҳужжатларини расмийлаштирмаган экан. Вилоят ҳокими тегишли ташкилот раҳбарига уй-жойни шаҳар тоифасига ўтказиш ҳамда кадастр ҳужжатларини қонуний тартибда расмийлаштириб бериш бўйича топшириқ берди.

Шу ўринда айтиш жоизки, ҳоким қабулига келган фуқароларнинг барча мурожаатларини асосли деб ҳам бўлмайди. Айрим кишиларнинг лоқайдлиги, дангасалигиданми, арзимаган важларни ҳоким эътиборига масала сифатида кўтаришди. Мундоқ назар ташласангиз, бу масалаларни одам ўзи ҳал қилса бўладиган оддий юмушлар. Қолаверса, шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоят ташкилотлари раҳбарларининг бепарволиклари сабабли қўйи тизимлар теварагида ҳал қилиш мумкин бўлган муаммолар вилоят ҳокими даражасида кўтарилганига нима дейсиз?

Қолаверса, маҳаллий ҳокимлик ҳамда саховатпеша ташкилотларининг амалий кўмагидан, давлатимиз раҳбариятининг ғамхўрликларидан оқилона фойдаланган ҳамюртларимиз орасида норозилик кайфиятидаги, “Берсанг ейман...” қабилидаги кимсалар ҳам бор эканлигидан рости ачиндик.

Наманган шаҳридаги Бобуршоҳ кўчасидаги кўпқаватли уйлардан бирида истиқомат қилувчи Жамила Мўминовага давлат томонидан уч норма ер участкаси ажратиб берилган, квартира билан таъминланган. Шунингдек, фаровонлигини яхшилаб олиш олиш мақсадида моддий ёрдам пулларидан ҳам нафланган. Опанинг менга яна уй-жой ажратиб берасиз, дея аюҳаннос солиши очиғи асоссиз эди. Мазкур мурожаатни обдон ўрганиш ва тегишли хулоса чиқариш бўйича жамоат ташкилотлари раҳбарларига тавсия берилди.

Хулоса ўрнида айтганда, бундай сайёр қабулларни ўтказилиши, муҳими, бугун ҳокимларимиз ўзларини халқ билан ҳамнафас тутишаётгани одамларнинг адолат излаб идорама-идора юриши ёки турли сарсонгарчиликларга рўпара келишининг олдини олиб, муаммони жойида ҳал қилиш имконини бермоқда.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->