2019 йилнинг 11 декабрь куни Фейсбук ижтимоий тармоғидаги “Танганинг Орқа Томони” профили томонидан Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси ва унинг раҳбари Ҳилола Юсуповага қаратилган бир қатор асоссиз карикатуралар ва хабарлар берилди.

Жумладан, уларнинг бирида келтирилган жумлани шундайлигича, таҳрирсиз келтирмоқдамиз:

“Президентимиз мактабгача таълим муассасаларига шунча эътибор қартишларига қарамай айрим раҳбарлар бунга панжа остидан қарамоқда. Ўзилари қонун яратиб олган.

Хар бир тумандаги каррупция холати албатта Хилола Юсуповага боғланади. Хилолахоним тафсияси келган ва пул берган номзодни қанча ишлаган, мутахасислиги тўғри келадими йўқми қизиқтирмайди. Мудира қилиб қўяади. Туман мтб мудирлари қанча номақул иш қилса хам кўз юмади. Балиқ бошидан деган халқимизни гап бор. Жуда тўғри. Вилоятда шу хол бўлса тумандан нимани кутиш мумкин.

Республикага боғчалар куз қиш мавсумига тайёр деб хисобот берган бўлишига қарамай туманларда совуқлиги учун боғчалар ёпилган. Айрим туманлар буджетни пулини кўкак совурса хам текширувчилар яни бўлим бош хисобчиси ҳаммаси тўғри деб далолатнома қилади.”

Қайд этиш жоиз, мамлакатимизда ақлан баркамол, маънан етук авлодларни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир. Айни шу мақсадда Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги ПФ-5198-сон Фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда келажак эгаларининг таълим-тарбиясига катта аҳамият қаратилмоқда. Ҳукумат томонидан мактабгача таълим тизимига оид бир қатор қарорларнинг қабул қилиниши, Мактабгача таълим вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларининг ташкил этилиши бунинг ёрқин намунасидир.

Факт-рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, биргина Наманган вилоятининг ўзида 2017 йилда мактабгача таълим муассасалари 472 тани ташкил қилиб, шундан 461 давлат, битта ташкилотга қарашли ва 10 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари мавжуд эди. Мазкур мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар сони  49 минг 918 нафар, қамров эса атиги 24 фоиз эди холос.

Бугунги кунда вилоятимизда жами 1 минг 203 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, шундан 560 та давлат ва 643 та нодавлат МТМлар фаолият кўрсатмоқда. Давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларида тарбияланаётган 3-7 ёшдаги болалар сони 118 минг 331 нафарга етди. Бошқача айтганда, вилоятда мактабгача қамров 28 фоизга оширилиб, 52 фоизга етказилишига эришилди.

Яна бир эътиборга молик ютуқ шундаки, 2017 йили атиги 10 та нодавлат МТМ фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 643 тага етди. Хусусан, соҳага хусусий сектор улушини жалб этилиши натижасида 72 та хусусий ва 20 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги ҳамда 551 та оилавий МТМ фаолияти йўлга қўйилди.

“Танганинг Орқа Томони” профилидаги “иддао”да келтирилганидек, МТМ мудирасига номзодни заҳирага олиш, вазифасига тайинлаш масалаларида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг ўрни тўлақонли аҳамият касб этмаслигини айтиб ўтиш лозим. Яъни, вакант (бўш) мактабгача таълим муассасаси мудираси лавозими учун туман мактабгача таълим бўлими томонидан МТМнинг “Кузатув кенгаши”га уч нафар малака талабларига мос номзоднинг тавсияси берилади.

Шу ўринда, “Кузатув кенгаши” аъзолари ота-оналар, маҳалла фаоллари ва қисман мактабгача таълим муассасаси ишчи-ходимлари вакилларидан шакллантирилади. Демак, бунда шаффофлик ва ошкоралик тамойилларига таянилади. “Кузатув кенгаши” томонидан сайланган номзод республика Мактабгача таълим вазирлиги розилиги билан лавозимга тайинланади. Бундан кўринадики, мудира лавозимга вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи томонидан эмас, балки “Кузатув кенгаши” орқали сайланади.

Айни пайтда вилоятдаги мавжуд давлат мактабгача таълим муассасалари куз-қиш мавсумига тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгги кунларда об-ҳавонинг совиб кетиши натижасида Учқўрғон туманидаги 5-сонли МТМда қисқа муддатли таъмирлаш ишлари натижасида иккита қозонхона қурилиб, янгилари ўрнатилди. Барча МТМлар кўмир ёқилғиси билан тўлиқ таъминланган. Бир сўз билан айтганда, мавсумни беталофат ўтказишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларга жойланган карикатураларда “муаллифлар” инсон шаъни, қадр-қимматига, конституцион ҳуқуқларига зид “сўзлар” келтирилган. Унда соҳа учун бюджет маблағлари мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи, бош ҳисобчиси, туман МТБ мудирлари, уларнинг ҳисобчилари, мактабгача таълим ташкилотлари мудирлари томонидан ўзлаштирилаётгани “даъво” қилинади.

Бундай асоссиз “иддаолар”га  жавобан шуни таъкидлаш жоизки, барча шаҳар ва туман мактабгача таълим бўлимларида “Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмат ходимлари” бўлими ташкил этилган, уларнинг тассарруфидаги муассасалар шаҳар, туман маҳаллий бюджети томонидан молиялаштирилади. МТМларга олинадиган озиқ-овқат, юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар сотиб олишда, биноларини таъмирлаш ва бошқа харажатлар учун ишлатиладиган маблағлар бошқарма иштирокисиз мустақил харажат қилинади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: вилоят мактабгача таълим тизимида юз бераётган ижобий ўзгаришларни теран англаган, лекин ўзини билиб билмаганликка солаётган ижтимоий тармоқ “қаҳрамонлари” танганинг орқа томонида ҳам ҳақиқат мужассам бўлишини қачон англаб етишади?

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси “Танганинг Орқа Томони” профилидаги келтирилган ҳақиқат мезонларига мутлақо тўғри келмайдиган иддаоларга нисбатан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига расман мурожаат этилганлигини маълум қилади.

Наманган вилояти мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->