Наманган вилояти давлат солиқ хизмати органи ходимлари томонидан белгиланган тартиб ва қоидаларга зид равишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш, уларга солиқ соҳасидаги янгиликларни тушунтириш бўйича кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бунинг самарасида ҳеч қандай ҳужжатсиз, фақат ўз фойдасини ўйлаб иш тутаётган кишилар солиқ тўлашнинг нечоғли муҳимлиги, унинг аҳамиятини тушуниб етмоқда.

Наманган шаҳридаги “Оромгоҳ” даҳасида яшовчи Абдулҳаким Темиров Тўрақўрғон тумани “Бахт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатларсиз метални қайта ишлаш ва безак бериш фаолияти билан шуғулланаётганди. Солиқ ходимлари унинг бу фаолияти қонунга зид эканлиги, агар давлат рўйхатидан ўтиб иш бошласа, баённома асосида олинган 8 турдаги 109 миллион 200 минг сўмлик ишлаб чиқариш дастгоҳлари ва ускуналар қайтариб берилишини тушунтиришди. Тартиб-қоидани четлаб узоққа боролмаслигини, қолаверса хатосини англаб етган Темиров уч кун муддатда фаолиятини қонунийлаштириб олди. Айни пайтда у бамайлиҳотир ишлаб, ҳам оиласи, ҳам давлат бюджетига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Дарвоқе, бугун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган ҳар бир фуқаро Абдулҳаким сингари “Солиқдан қочиш эмас, балки уни тўлаш керак!”, “Солиқлар - ҳотиржамлик гарови”, деган азалий тамойилни англаб етса, нафақат уларнинг ўз муаммолари, балки жамиятдаги айрим ечимини кутаётган масалалар ўз-ўзидан барҳам топади. Чунки, солиқлардан йиғилган маблағ шубҳасиз халқ фаровонлиги, уларнинг турмуш даражасини юксалтиришдек олий мақсадларга йўналтирилади.

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси.

© namangan24.uz

--> -->