Ўзбекистон ўзининг бой ер ости ва усти табиий ресурсларига эга мамлакат ҳисобланади. Шундай экан, айни     пайтда тадбиркорлар томонидан адир ва тоғлар, дарёлардан қурилиш саноати учун зарур хом-ашё олиб,   даромад олаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Хўш, уларнинг барчаси белгиланган тартиб асосида фаолият олиб     боряпти-ми?

 

   Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси ходимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал   ресурслар қўмитасининг “Макшрейдор” хизмати мутахассислари билан биргаликда ана шу саволларга   жавобан  мониторинг тадбирлари ўтказишди.

 

   Поп тумани давлат солиқ инспекциясида рўйхатга олинган “Тошқинбой Турсинбой” хусусий корхонаси ғишт  ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Мониторинг давомида унинг махсус лицензияга эга эмаслиги ҳамда 16   нафар  ишчини норасмий ишлатаётганлиги маълум бўлди. Бу каби ҳолат Косонсой туманида фаолият олиб   бораётган “Ибодулло голд инвест” масъулияти чекланган жамиятида ҳам кузатилди. Мазкур     корхона лицензиясиз, устига-устак 10 нафар ходимга “конверт” усулида иш ҳақи бераётганлиги аниқланди.

 

- Тадбирни ўтказишдан мақсад, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тадбиркорларга етказиш ва уларга амалий   кўмак беришдан иборат, - дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғининг ўринбосари Зарифжон   Зокиров. – Мониторинг тадбирлари натижасида 25 та ҳолатда лицензиясиз фаолият кўрсатиш, 7 та ҳолатда   тўлов терминали мавжуд эмаслиги ва 200 нафар ходим норасмий ишлаётганлиги маълум бўлди. Ҳар бир   тадбиркорлик субъектларида индивидуал тушунтиришлар натижасида ёлланма ишчилар рўйхатга олиниб,   қонуний фаолият юритишларига эришилди. Шу билан бирга, табиий бойликлар беҳисоб эмаслиги, ундан   оқилона  фойдалашиш лозимлиги етказилди.

 

         Шу ўринда таҳлилларга назар ташласак: мутахассисларнинг фикрича, бир метр чуқурликда бир гектар ер    қазилганда 10 минг куб тупроқ чиқади. Бир метр куб тупроқдан эса ўртача 370 дона пишиқ ғишт   тайёрланади. Бундан кўриниб турибдики, 10 минг куб тупроқдан 3 миллион 700 мингта ғишт олиш мумкин. Агар бир дона ғиштнинг нарҳини, айтайлик 500 сўм десак, 3 млн. 700 минг дона ғишт 1 миллиард 850 миллион сўм   дегани. Ушбу суммага 5 фоизли ставка бўйича солиқ ҳисобласак, 92 миллион 500 минг сўмни ташкил этади.

 

  Қолаверса, 200 нафар ишчи хизматчига биринчи разряддан келиб чиқиб, 578 минг сўм ойлик белгиланса, бир   ойда 115 миллион 600 минг сўм ва ундан даромад солиғи ҳамда ягона ижтимоий тўлов учун бюджетга 27   миллион 744 минг сўм йўналтирилади. Бу эса ойига 1 миллион сўмдан 120 та оилага моддий ёрдам кўрсатиш     демак!

 

  Хулоса ўрнида айтганда, солиқ органлари томонидан олиб борилаётган бу каби мониторинг-тарғибот   тадбирлари инсофли солиқ тўловчилар сафини янада кенгайишига хизмат қилади.

Баҳодир Ҳамидов,

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан

алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси катта инспектори.

© namangan24.uz

--> -->