Наманган тумани давлат солиқ инспекциясининг мажлислар залида солиқ соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаролар, хўжалик юритувчи субъектлар иши юзасидан сайёр суд бўлиб ўтди.

Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбасининг “Namangan24.uz” сайтига хабар беришича, туман маъмурий суди судьяси Умида Солиева иштирокида ўтган суд жараёнида 31 нафар ҳуқуқбузарга амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилиб, уларга нисбатан тегишли жазо чоралари тайинланган ҳолда қарорлар қабул қилинди. Хусусан, етти нафар шахсга нисбатан 3 миллион 446 минг сўм миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилди. Олти нафар фуқаро давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлиги ва бир нафар шахснинг кам таъминланганлиги ҳисобга олиниб, белгиланган жазодан озод этилди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли бандларига мувофиқ 30 кунлик муддатда ўз камчиликларини бартараф этган 17 нафар хўжалик юритувчи субъектининг масъуллари жавобгарликдан озод қилинди. Наманган туманида яшовчи, тадбиркор Фарида Пўлатова ана шуларнинг бири.

- Очиғи, мен белгиланган тартиб-қоидаларга парво қилмаганлигим сабаб судга чақирилдим, - дейди Фарида Пўлатова. - Ҳайриятки, солиқ ходимларининг тушунтиришлари натижасида йўл қўйган камчиликларимни вақтида тўғриланганим. Акс ҳолда, жавобгарликка тортилишимга бир баҳия қолди. Суд огоҳлантириш билан чекланди. Йўл қўйган хатоим мен учун катта сабоқ бўлди. Келгусида солиқ қонунчилигига амал қиламан.

Албатта, бу каби сайёр судларнинг ўтказишдан асосий мақсад фуқаролани жазолаш эмас, балки уларнинг йўл қўйган хатоларини такрорламасликка кўмаклашиш, огоҳликка чақиришдан иборатдир.

© namangan24.uz

--> -->