Давлат хизматчиси қандай бўлиши керак?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 8 август куни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Қонун кимларга қўлланилади?
Давлат фуқаролик хизмати деганда «давлат хизматининг бир тури, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолияти тушинилади».
Қонуннинг амал қилиши Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади. У Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимият органлари депутатлари, юқори ва қуйи палаталар девонлари ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати органларида хизмат қилаётганлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, қолаверса, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
-
Давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги;
-
қонунийлик;
-
адолатлилик;
-
халққа хизмат қилиш;
-
давлат органларининг ва мансабдор шахсларининг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги;
-
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
-
очиқлик ва шаффофлик;
-
холислик, профессионаллик ва компетентлик;
-
давлат фуқаролик хизматига киришда Ўзбекистон фуқароларининг тенг ҳуқуқлилиги;
-
давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши.
Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланмоқда. У ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил қилади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар (асосий кўрсаткичлар) тизимини жорий қилади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади.
Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ёрдам кўрсатади.
Ўзбекистон фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчиси (ДФХ) ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади. ДФХ лавозимларининг сиёсий гуруҳига тааллуқли давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ бўлган қўшимча ҳуқуқлар, мажбуриятларва чекловлар алоҳида қонунчилик билан белгиланади.
Давлат хизматчиларининг ахлоқий хулқ-атвори қоидалари қонун билан белгилаб қўйилмоқда. Қоидаларга асосланиб, ҳар бир давлат органи фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ахлоқий хулқ-атворнинг ички қоидаларини тасдиқлайди. Уларда қуйидагилар бўлиши керак:
-
раҳбарлар, бўйсунувдагилар ва бошқа давлат фуқаролик хизматчилари ўртасидаги ўзаро аҳлоқий муносабатлар;
-
ДФХнинг ишчанлик обрўсига ва давлат фуқаролик хизматининг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик);
-
ДФХнинг хизмат фаолиятидаги ва хизматдан ташқаридаги хулқ-атворининг асосий қоидалари.
Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган давлат органининг раҳбари ёки юқори турувчи орган ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал этиш тартиби қонун билан белгиланади. Бундан ташқари, қонунда ДФХ белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.
Шокиржон Имомов,
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш
агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.
© namangan24.uz