Айни синовли кунларда халқ дардини ҳис этиш, аҳолининг кундалик турмуш эҳтиёжларини қондириш савобли амаллардан ҳисобланади.

Мингбулоқ туманида Наманган вилоятида биринчи бўлиб, халқимиз ташвишини енгиллатишга мадад бўладиган хайрли ташаббусга қўл урилди, дея "Namangan24.uz" сайтига хабар бермоқда Мингбулоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.

Юртимизда ҳукм сураётган карантин вақтида аҳолига зарур шарт-шароит яратиш, уларга сифатли савдо кўрсатиш мақсадида Мингбулоқ тумани ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси томонидан кўчма автодўконлар ташкил этилди.

Ушбу автодўконлар аҳолига керакли озиқ-овқат маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бермоқда.

- Бугун эрта тонгдан туманимиздаги Қорашаҳар, Алами, Мадиёровул, Найман, Қолгандарё маҳаллаларига 3 тонна ун, 3 тонна картошка, 2 тонна пиёз, бир тонна сабзи, ёғ маҳсулотлари арзон нархда юборилди. Шунингдек, 200 дан зиёд тиббий ниқоблар ва антисептик геллар аҳолига бепул тарқатилди, - дейди департаментнинг Мингбулоқ тумани бўлими бошлиғи Нодир Усмонов.

Бундай автодўконлар ҳар куни туманнинг чекка ҳудудларига чиқиши режалаштирилган.

Шу ўринда айтиш керакки, Мингбулоқдаги бундай эзгу ташаббусни вилоятнинг барча туманларида, айниқса, Наманган шаҳридаги маҳаллаларда ҳам жорий этилса, айни муддао бўларди. Негаки, сайтимизга Наманган шаҳрида яшовчи кўплаб фуқаролардан картошка, сабзи, саримсоқ, пиёз каби сабзавотларни нархи ошиб кетганлиги ҳақида кўплаб мурожаатлар келмоқда. Бу борада Наманган шаҳар ҳокимлиги ҳамда шаҳар сектор раҳбарларидан амалий чоралар кўрилишини кутиб қоламиз.

 

namangan24.uz

--> -->