Истиқболли режалар - Президент эътиборида!
Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, халқ, миллат ва жамият фаровонлигига қаратилганлиги билан муҳим ҳисобланади.
Одамларни рози қилиш, эртанги кун бугунгидан яхшироқ бўлишига ишонтириш учун фуқаролар раҳбарларнинг фаолиятидан рози бўлиши, мутасадди ташкилотлар ходимлари халқ дардига қулоқ солиши, муаммоларини ҳал қилиши керак. Шундагина фуқароларнинг давлатга, келажакка ишончи ортади, жамиятимизда ўзгариш, ривожланиш бўлади.
Ушбу талаблар ижросини ўз фаолияти давомида қўллаб келаётган давлатимиз раҳбарининг навбатдаги ташрифи Бухоро вилоятига бўлди. Шавкат Миромонович кўҳна кентга ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Зиёрат чоғида «обод қилинган, тарихий аслият тикланган» мажмуадаги ишлар кўздан кечирилди. Мажмуадаги Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак тиклангани қайд этилди.
“Юз йил вайрон бўлиб ётган бу дарвозани тиклаганимиз – ўзликни англаш, тарихга ҳурматимиз ифодаси. Энди бу ердаги ҳар бир обидага, хонлар даҳмаларига битиклар ёзиб қўйиш керак. Зиёратга келганлар қадамма-қадам тарихни ўрганиб, маънавий руҳ олиб ўтсин", – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент олимлар билан суҳбатда Баҳоуддин Нақшбанд меросини чуқур ўрганиш ҳақида фикр билдирди. Чет давлатлардан манбаларни олиб келиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, музейни Имом Бухорий мажмуасидагидек мазмунан бойитиш зарурлигини таъкидлади. Бухоролик ҳунармандлар маҳсулотларини кўздан кечирди.
Юртбошимиз Қоракўл туманида жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбатлашди, бухоролик нуронийлар ва меҳнат фахрийлари билан самимий учрашув ўтказди. “Маҳаллада еттилик ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлса, ишсизлик, жиноят бўлмайди” – деди Президент улар билан суҳбатда. Шу билан бирга Қоракўл туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди, автомобиль йўллари қурилишини такомиллаштиришга оид лойиҳа билан танишди.
Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида кластерлар раҳбарлари билан мулоқот қиларкан, уларни халқпарвар, бой бўлишини тилаб, фақат ҳаёт билан бирга, халқ билан бирга бўлишга чорлади.
Барча ислоҳотларимиздан пировард мақсад – халқимизнинг даромадини ошириш. Камбағалликни йўқ қилиб, аҳолининг харид қобилиятини оширсак, тадбиркорларнинг иши ҳам ривожланади. Беш йил олдин Бухоро қандай эди, ҳозир қандай? Шу суръатда давом этса, яна беш йилдан кейин натижалар бундан-да яхши бўлади. Чунки шундай буюк, меҳнаткаш халқимиз бор, – деди Президентимиз.
Ташриф давомида мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилиши лозим бўлган ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолгани йўқ. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи жадал ўсиб бораётган иқтисодиётимизга янада катта туртки бериши, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлидаги ишларни самарали амалга ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Мусохон Аппақов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари.
© namangan24.uz