Мамлакатимизда Умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни катта кўтаринкилик билан нишонланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги дориломон кунларимизга муносиб ҳисса қўшган нуронийларга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

 

 

... 9 май. Эрта тонгдан Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийлари, жойлардаги жамоат ташкилотлари вакиллари жасорат, бурч ва матонат байрамининг асосий тадбирларини нишонлаш учун Наманган шаҳридаги хотира майдонига йиғилишди.

Наманган вилояти ҳокими, сенатор Хайрулло Бозоров “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида сўзга чиқди. Вилоят жамоатчилиги, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари миллат онаси рамзи пойига гулчамбарлар қўйишди. Йиғилганлар майдондаги “Хотира китоби”ни варақлаб, ўтганлар хотирасини ёд этишди.

 

 

 

 

Мустақиллик йиллари урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

 

 

 

Ўтганлар руҳини ёд этиш, тирикларга меҳр-оқибат кўрсатиш қадрият, қолаверса ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси саналади. Мана шу эзгу фазилатлар 9 май Хотира ва қадрлаш куни санаси муносабати билан янада ёрқин намоён бўлди. Дарвоқе, дунёда Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларининг гувоҳи ва иштирокчиси бўлган кишилар сафи тобора камайиб бормоқда. Ана шундай ватанпарвар инсонларнинг 47 нафари Наманган вилоятида истиқомат қилмоқда.

 

 

Байрам маросими “Шодиёна” тантаналар мажмуасида “Бир пиёла чой” байрам дастурхони атрофида давом эттирилди. Уруш фахрийлари ушбу тадбир аввалида мажмуа атрофида ташкил этилган уруш йилларини эслатувчи махсус декорация атрофида суронли йилларни хотирладилар. Шаҳар аҳли, меҳмонлар, ёшлар учун қуролли кучлар ҳамда уруш даврида фойдаланилган буюмлар кўргазмаси ташкил этилди.

Оқилхон Дадабоев,

Шоҳруҳ Кежаев,

© namangan24.uz

Суратларни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши тақдим этди.

--> -->