"Декрет пули" қандай ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига кўра, аёлга туғруққача етмиш календар кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календар кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили (“Декрет таътили”) берилади.
“Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом 4-параграфи 40-48-бандлари ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани, 5-параграфи 49-78-бандлари эса вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳисоблаш тартибини тартибга солади.
Демак, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади. Варақа йўқолган ҳолларда нафақа унинг ўрнига такрорий берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси (дубликат) асосида берилади.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақалар барча ҳолларда ходимнинг ҳақиқий иш ҳақидан ҳисоблаб чиқарилади. Нафақаларни ҳисоблашда асос қилиб олинадиган ҳақиқий иш ҳақига иш жойидан, суғурта бадаллари ундирилиб тўланадиган жами иш ҳақи тўловлари киради.
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик ёки ҳомиладорлик таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган ва суғурта бадаллари чегирилган барча мукофотларнинг 1/12 қисми нафақа ҳисоблаб чиқариладиган ойлик иш ҳақига қўшилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори аниқланади.
Меҳнат кодексининг 404-моддаси биринчи қисмига асосан, “декрет пули” ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда тўланиши белгиланган.
Президентимизнинг 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон қарорига кўра, 12 ойдан кўпроқ танаффусдан сўнг меҳнат фаолиятини қайтадан бошловчи ходимлар учун декрет пули 75 фоиз тўланиши белгиланган.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, янги ишга кириб тўлиқ 12 ой ишламаган ходимларга “декрет пули” 75 фоиз тўланса, тўлиқ 12 ой ишлаган аёлларга 100 фоиз миқдорида тўланади.
Дилафзал Тоҳирова,
Тўрақўрғон туман Адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти .
© namangan24.uz