Наманган қишлоқлари бўйлаб мобил поликлиника
Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида олис қишлоқларда яшовчи аҳолига юқори малакали мобил тибббий хизматлар кўрсатиш юзасидан кўрсатмалар берган эди.
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида чегара ҳудудларда яшовчи фуқароларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказувчи махсус бригада ташкил этди. Таниқли мутахассислардан иборат шифокорлар гуруҳи яқинда Косонсой туманида фаолият олиб борди. “Мобил поликлиника”нинг навбатдаги манзили эса Чортоқ туманининг Қирғизистон билан чегарадош Хазратишо қишлоғи бўлди.
Тоғолди ҳудудида 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. “Мобил поликлиника” таркибидаги тиббиёт ходимлари уларнинг барчаси саломатлигини назоратдан ўтказади.
- Хазратишода офтальмолог, жарроҳ, дермотолог, педиатр, лор, гинеколог, невропатолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари иш олиб боришмоқда, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, сенатор Солижон Мўминов. – Шунингдек, ультратовуш текширувлари, клиник лаборатория таҳлиллари амалга оширилмоқда. Мақсадимиз - вилоят марказидан салкам 100 километр узоқда яшовчи аҳолига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш. Уларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга эришиш.
© namangan24.uz