1991 йил 23 ноябрда асос солинган - Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мамлакатимиз Қуролли Кучларига малакали мутахассислар тайёрлаш баробарида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳам маънавий, ҳам жисмоний, ҳам ақлий тобланишига хизмат қилаётган мардлик ўчоғидир.

Буни “Ватанпарвар” ташкилотининг Наманган вилояти кенгаши фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда мазкур ташкилот тасарруфида 12 та ўқув спорт техника клуби, ҳамда амалий спорт турлари маркази мавжуд. Бу масканда ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мудофаа соҳасига оид бошланғич билим бериш ва уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу йил янги ташкил этилган Наманган шаҳар ўқув спорт техника клубида халқ хўжалигига оммавий касб ходимларини тайёрлаш бўйича инновацион технологиялар, ўқув жараёнига илғор услубларни жорий этиш учун барча шароит яратилди. 17 та назарий ўқув, 2 та лаборатория-амалий машғулотлар, маънавият ва маърифат хоналари, автодром, техник назорат маскани ҳамда ишчи ва ходимлар, ўқувчилар учун маданий дам олиш хоналари янги инновацион ғоялар ва технологиялар асосида жиҳозланди.

Ахборот-коммуникация технологиялари, “Smart board m-600” русумли интерактив аннимацион доска, интерактив доска, ҳаракатланувчи “Ласетти” автомобили ва “Отайўл” автобусининг қирқимли макети, светофорлар ва аҳоли яшайдиган ҳудуд макети, замонавий кондиционер, юмшоқ ўриндиқли стол-стуллар, аудио-видео кузатув мосламалари, иккита замонавий автотренажёр ўқув жараёнлари самарадорлиги ва якуний имтиҳонлар шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигига оид йўл белгилари, енгил ва юк автомобилларининг қирқилган қисмлари осилган деворий кўргазмалар ва паннолар, енгил ва юк автомобилларининг ишчи механизм макетлари, электрон тарзда ишлайдиган светофор макетлари, электрлаштирилган автодром ва шаҳар макетлари бўлажак ҳайдовчилар назарий билимларни пухта эгаллашида муҳим аҳамият касб этаётир.

Шунингдек, ўқув-моддий техника базаларини такомиллаштириш мақсадида жорий йилда Учқўрғон, Янгиқўрғон ва Косонсой туман ўқув спорт техника клубларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Учқўрғон туманида картадромнинг икки қаватли ўқув биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Тизимдаги ташкилотлар автомобиль саройлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар билан бойитиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида сотиб олинган “Нексия”, “Матиз”, “Дамас”, “Спарк” Газ-531201 русумли 26 та автомобилдан ҳозир ўқув-амалий машғулотларда унумли фойдаланилмоқда.

- Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 ташаббус ижроси доирасида Наманган тумани марказий ўйингоҳида туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши билан ҳамкорликда “Биз ватанпарварлармиз!” шиори остида ўтказилган тадбир жалб этилган 2000 нафардан зиёд ёш қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилган бўлса, ажаб эмас, - дейди "Ватанпарвар" ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев.

2019 йил сентябрь ойида Қозоғистоннинг Бойқўнғир шаҳрида ракетамодель спорти бўйича ўтказилган “Байконур – 2019” жаҳон кубоги халқаро мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши номидан иштирок этган “Наманган юлдузлари” жамоасининг муваффақияти нафақат вилоят, балки мамлакатимиз шаъни учун оламшумул воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган энг сара спортчилар баҳс олиб борган мазкур нуфузли мусобақада “Наманган юлдузлари” жамоаси ўзининг энг сўнгги русумдаги моделлари билан иштирок этди. Халқаро мусобақада Нажмиддин Зайлиддинов, Самандар Соқиев, Сидиқжон Йўлдошалиев, Ҳаётбек Қурбоналиев ва Отабек Фазлиддиновлар 6 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалга сазовор бўлди. Ёшлар ўртасида умумжамоа ҳисобида “Наманган юлдузлари” 1-ўринни эгаллаб, жаҳон кубогини қўлга киритди.

Якунланаётган йилда республика миқёсидаги мусобақаларда вилоят терма жамоаси 7 марта биринчи, 5 марта иккинчи ва 6 марта учинчи ўринни эгаллаган бўлса, шахсий биринчиликларда эса терма жамоа спортчилари 8 марта биринчи, 6 марта иккинчи ва 7 марта учинчи ўринларни эгаллади. Умумий ҳисобда наманганлик “Ватанпарвар”чилар мамлакатимиз ва МДҲ давлатларида спортнинг техник ва амалий турлари бўйича ўтказилган турли мусобақаларда 24 та олтин, 18 та кумуш, 27 та бронза медални қўлга киритгани ҳам соҳада яратилаётган имкониятлар самарасидир. Бундан ташқари ўқ отиш бўйича 9 нафар, радиоспорт бўйича 2 нафар, ракетамодел бўйича 2 нафар ва картинг пойгаси бўйича 7 нафар вилоят спортчиси республика терма жамоаси таркибидан муносиб жой олди.

Айни пайтда ташкилот тасарруфидаги ҳаво милтиғидан ўқ отиш, ёзги биатлон, дуатлон, триатлон, моделсозлик, ракетамодель, авиамодель, эркин учувчи авиамодель, корд авиамодель, радиоспорт, картинг, автоспорт, мотоспорт ва ҳарбий амалий кўпкураш тўгарак ва секцияларида спортнинг техник ва амалий турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш, ёшларнинг ушбу спорт турларига қизиқишини орттириш, уларни кенг жалб этишга инновацион ёндашувлар асосида иш олиб борилмоқда.

Эришилаётган ютуқларда тизимнинг моддий техника базасини давр талаби даражасида мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этаяпти. Шу йилнинг ўзида ўқув спорт техника клублари моддий техника базаси 12 та картинг техникаси, 24 та спорт мотоцикли, 10 велосипед билан тўлдирилди.

Спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришга инновацион технологиялар, спортчиларни тайёрлаш ўқув-машқ жараёнига илғор услубларни жорий этишга қаратилган лойиҳалар доирасида Поп тумани ўқув спорт техника клубида вилоятда ягона бўлган парашют спорт секцияси очилди.

Акрамжон Сатторов,

Оқилхон Дадабоев,

Ҳамдам Мамадалиев (фото),

© namangan24.uz

--> -->