Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси “тонировка” учун белгиланган тўловларни бекор қилиш бўйича Ҳукуматга таклиф киритмоқчи. Партия томонидан Вазирлар Маҳкамасига 646-сонли қарорига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрланган.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда ўз автомобили ойналарини қорайтирмоқчи бўлган фуқаролар бир йил муддат учун Ўзбекистон Ҳуқуматининг 2019 йил 2 августдаги қарорига кўра, орқа ва олд ён ойналар учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (11 150 000 сўм), орқа ён ойналар учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (2 230 000 сўм) миқдорида тўловни амалга оширишлари зарур.

"Тонировка" тўлови миқдорининг юқорилиги боис, бугунги кунда айрим фуқароларгина автомобиль ойналари тусини ўзгартирган. 2019 йил статистикасига қарганда, улар жами автомобиллар сонининг 0,1 фоизини ҳам ташкил қилмаган.

“Миллий тикланиш” партияси ўз сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиққан ҳолда, юртдошларимизга қулайлик яратиш ва мутахассисларнинг хулосасига кўра, фуқароларнинг қуёшнинг ультрабинафша нурларидан тери саратони касалига чалинишларининг олдини олиш, автомобиль кондиционерларини камроқ ишлатилишига ва бунинг натижасида ёнилғи камроқ сарфланиб, атроф-муҳитга зарарли моддаларнинг камроқ чиқишига, пировардида экологияни асрашга эришиш мақсадида автомобиль ойналари тусини ўзгартириш учун белгиланган тўловларни бекор қилиш зарур, деб ҳисоблайди.

© Namangan24.uz

--> -->