Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 5 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона водийси вилоятларида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Жумладан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тупроғи унумдор. Лекин 235 та насос станцияси эскиргани сабабли 380 минг гектар майдонда сув таъминоти оғирлашган, шундан 60 минг гектари оборотдан чиқиб кетган. Қолаверса, бу насос станцияларида электр энергияси меъёрга нисбатан 1,5-2 баравар кўп сарфланмоқда.

Шу боис Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда бу вилоятлардаги насос станцияларини модернизация қилиш режалаштирилган. Биринчи босқичда 118 та насос станциясини янгилаш мўлжалланган.

Бунинг натижасида 30 минг гектар майдон қайта фойдаланишга киритилади, 57 минг гектар суғориладиган ернинг сув таъминоти яхшиланади. 4 минг 375 та томорқа сув билан таъминланади. Йилига 290 миллион киловатт-соат электр энергияси иқтисод қилинади.

Энергия ва эксплуатация харажатлари қисқариши ҳисобига бу лойиҳа 7 йилда ўзини оқлайди.

Президентимиз лойиҳа доирасидаги ишларга маҳаллий тадбиркорларни кўпроқ жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.
ЎзА.
© namangan24.uz

--> -->