“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Жамият бош директори Жаҳонгир Риззаев оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блоегерларга 2020 йилнинг ўтган беш ойи якуни бўйича тармоқда олиб борилган ишлар ҳақида батафсил ахборот берди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимиздаги барча турдаги истеъмолчиларга жами 1,5 млрд. кВт соат ёки 576,0 млрд. сўмлик электр энергияси етказиб берилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирганда 196,4 млн. кВт соат  кўп демак. Шунингдек, 5 минг 200 дона темир-бетон таянчи ўрнатилиб, 230,4 км. электр узатиш тармоқлари ва 69 дона трансформатор пункти модернизация қилинди амда янги қурилди.

Карантин даврида соҳа вакиллари томонидан истеъмолчиларга қулайликлар яратиш борасида бир мунча амалий саъй-ҳаракатларга ҳам қўл урилди. Модернизация ва янгилаш ишларини жадаллик билан бажарган нурчилар томонидан айнан пандемия шароитида 472,3 км. 0,4-110 кВли электр узатиш тармоқлари ва 265 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирланди.

Журналист ва блогерларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтарган жамият мутасаддилари журналист ва блогерлар билан доимий ҳамкорлик қилиш, уларнинг таклифларини, холис танқидий фикрларини инобатга олиш фақат яхши натижага омил эканини қайд этди.

Тадбир якунида тизим билан мунтазам тарғиботда кўмаклашган бир қатор ижодкорларга ташаккур билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

© namangan24.uz

--> -->