Ўқувчи-ёшларни юксак марралар, илм-фан чўққилари сари етаклаш учун ўқитувчи маҳорат бобида тинимсиз изланиши, ўз илму салоҳиятини ошириб бориши зарур. Мамлакатимизда Устоз-муаллимларга рағбат ва иштиёқ бағишлаб, фаолликка чорловчи кўплаб ташаббус ва танловлар ўтказиб келинмоқда.

Халқ таълими тизимида инновацион, ижодкор, ташаббускор, ижодий салоҳиятларга эга, таълим жараёнида инновацион технологиялардан самарали фойдаланишга қаратилган “USTOZ – 2020” миллий мукофоти танлови ҳам ана шу мақсадга қаратилган эди. Асосий ташкилотчи сифатида илк бор “Ўқитувчилар уюшмаси” нодавлат нотижорат ташкилоти иштирок этган танловда олти номинация бўйича ғолибларнинг ҳар бирини мукофот пули билан тақдирлаш ҳамда ғолибларни ҳар йили Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро маросимдаги иштирокини таъминлаш кўзда тутилган эди.

Ҳар йили ўтказиб келинадиган танлов илк бор “Global Teacher Prize” мукофотини ва 36 та давлатда ўқитувчиларнинг миллий мусобақаларини ўтказишга ёрдам берадиган “Varkey Foundation” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилди.

“USTOZ – 2020”  ёш авлод камоли йўлида фаолият олиб бораётган ўқитувчилар  орасидан энг кучли, энг билимдон, энг салоҳиятлиларни саралаш ва тақдирлашга бағишланган танловда Поп туманидаги 32-сонли умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Истора Жўраева муваффақиятли қатнашиб, юксак эътироф қозонди. У танловда “Умид тимсоли” номинацияси ғолиби бўлиб, 30 миллион сўмлик ваучер ва келгуси йили Дубайда бўлиб ўтадиган “Global Teacher Prize -2021”' халқаро танловининг тақдирлаш маросимида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.

© namangan24.uz

--> -->