Наманган муҳандислик-технология институти мажлислар залида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” доирасида Косонсой тумани ҳокими Баходир Турсунович Юсуповнинг туманда истиқомат қилаётган талаба-ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрь куни ёшлар билан учрашувида белгилаб берган топшириқлар ижроси юзасидан ёш авлоднинг муаммоларини ўрганиш, таклиф ва масалаларини эшитиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда қобилиятларини юзага чиқаришда муносиб шароитларни ҳозирлаш мақсадида ўтказилган мулоқотда Косонсой туманида истиқомат қилаётган 160 нафар талаба ўғил-қиз иштирок этди.

Мулоқот аввалида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси, унда белгилаб берилган ёшларга оид муҳим вазифалар, олий таълимга мактаб битирувчиларининг қамраб олиниши борасидаги янгиликлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

Туман ҳокими Баходир Юсупов, Президентнинг туман Халқ қабулхонаси мудираси Тохирахон Муйдинова, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Фурқатжон Мирзаев, институт ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор Одилжон Маматкаримов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Муҳаммад Ҳожихонов талаба-ёшлар билан дилдан суҳбатлашиб, уларни саволларига атрофлича жавоб қайтардилар.

Учрашувда таъкидланганидек, мамлакатимизда кейинги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ёшлар бандлигини ошириш, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги шарт-шароитлар кўлами кенгайиб бормоқда.

Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ташаббуси билан институтда таҳсил олаётган косонсойлик талабаларни қийнаётган муаммолар, таклиф ва истакларини баён этишлари учун сўровномалар тарқатилиб, фикрлари ўрганилди.

- Ҳоким билан учрашув Президентимиз раҳнамолигида ёшларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди, - дейди НамМТИ магистранти Дилмурод Раҳимбердиев. – Ўзим олийгоҳда таҳсил олиш асносида тумандаги 8-умумтаълим мактабининг ёшлар иттиқофи бошланғич ташкилоти етакчиси бўлиб фаолият юритаман. Юртбошимизнинг Мурожаатномасидан руҳланиб, ҳафтанинг ҳар жума кунлари мактабимиз ўқувчиларини “Очиқ эшиклар куни” доирасида институтга олиб, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирмоқдаман. Бунинг натижасида қисқа фурсатда юздан зиёд ўқувчи, айниқса битирувчи-қизлар олий таълим муассасасида таълим олиш истагини билдиришди. Мулоқотда “Очиқ эшиклар куни”га тумандаги барча умумтаълим мактабларини жалб этиш зарурлиги таклифини билдирдим. Мурожаатим ўринли ва аҳамиятли экани, якдиллик билан қўллаб-қувватланишини билдирилганидан ғоят хурсанд бўлдим. Ўқувчиларимиз олийгоҳларга қанчалик қизиқишса, жамиятимиз учун шунчалик фойдалидир.

Тадбир якунида туман ҳокими институт ахборот-кутубхона маркази ҳамда фаол, иқтидорли талабаларга бадиий китобларни туҳфа қилди.

Дарҳақиқат, ёшлар билан бундай амалий ва мазмунли мулоқотлар ёшларни аъло баҳоларга ўқиб, ҳамиша фаол бўлиш ва элу юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшашга, жамиятнинг илғор қатламлари қаторидан ўрин эгаллаш сари ундайди. Энг муҳими эса Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, юртимиз равнақи йўлида фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Наманган муҳандислик-технология институти ахборот хизмати.

© namangan24.uz

--> -->