1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Истиқбол замон болалари” нодавлат таълим муассасаси ўзининг бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган янги илм масканини ташкил этди.

Бу ҳақида “Namangan24.uz” сайтига Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.

1 - 4-синф ўқувчилари таҳсил оладиган янги бинонинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан таълим соҳасига, ёш авлод камолига, ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратаётгани, хусусан нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш ва улар фаолиятини ривожлантириш ҳар жиҳатдан эътиборда эканлигини таъкидлади.

Эътироф этиш жоизки, “Истиқбол замон болалари” нодавлат таълим муассасаси ўқувчилари орасида нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсидаги фан олимпиадалари, спорт, санъат, мусиқа ва бошқа йўналишларда муваффақият қозонаётган истеъдодлар бисёр. Таълим соҳасида қарийб 40 йиллик тажрибага эга, дунёнинг илғор ва ривожланган давлатларида бўлиб, улардаги таълим-тарбия жараёнларини мукаммал ўрганган Матлуба Мадаминова раҳбарлигидаги хусусий мактаб жамоаси касб байрамини муносиб тарзда кутиб олди.

Бунёдкорликларга ҳамоҳанг барпо этилган 2 қаватли маърифат масканида барча замонавий шароитлар яратилган. 420 ўринга мўлжалланган маскан қурилишига қарийб 2 миллиард 750 миллион сўм сарфланди. Айни пайтда мактабда 252 нафар ўқувчи 38 нафар педагогдан сабоқ олмоқда.

Маълумот ўрнида, хусусий билим даргоҳида корейс, япон, араб, рус ва инглиз тиллари мукаммал ўргатилади. 4 минг 500 дан зиёд бадиий ҳамда илмий адабиётлар билан бойитилган кутубхона, спорт зали, шахмат хонаси, замонавий  ахборот коммуникация технологияларига эга бўлган синф хоналари ўғил-қизларни илму маърифатга етаклайди.

Эътиборлиси, таълим маскани Жанубий Корея элчихонаси қошидаги тил маркази билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Муассасага чет эллик ўқитувчиларнинг  жалб этилиши таълим сифатини юқори даражага олиб чиқишига туртки бериши шубҳасиз.

Тақдимот маросимида Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи, тарих фанлари номзоди Ваҳобжон Ражабов, фахрий педагог, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Дилшода Дадажонова иштирок этдилар.

© namangan24.uz

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси Ахборот хизмати олган суратлар.

--> -->