Бугун (2019 йил 23 апрель куни) Наманган шаҳридаги “Уч фаввора” ҳиёбонида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ўзлаштириши 86 фоиздан юқори бўлган ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, имтиёзли равишда ўқишга кирган талабалар учун тўлов-шартнома пулининг 35 фоизини тўлаб берилишига бағишланган сертификат топшириш маросими ўтказилди.

Бу ҳақида “namangan24.uz” сайтига Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

Тадбир аввалида сўзга чиққан Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси Абдулазиз Мўминов юртимизда амалга оширилаётган ишлар, ёшлар сиёсатига қаратилган изчил ислоҳотлар ва истиқболдаги режалар ривожланган мамлакатлар раҳбарларининг нигоҳида эканлигини таъкидлади.

- Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йилдан бошлаб, ташкилотимизнинг олий таълим муассасаларида аъло баҳоларда ўқиётган фаол аъзоси бўлган талаба-ёшларга бир йиллик тўлов-шартнома пулининг 35 фоиз қисми Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўланиб келинмоқда, - дейди иттифоқнинг вилоят кенгаши бўлим мудири Дилшод Абдувосиев.

Шуни қайд этиш жоизки, жорий ўқув йилида вилоятдаги учта олийгоҳнинг 393 нафар талабасига 1 миллиард 103 миллион 735 минг 714 сўм миқдордаги тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилди.

Дарвоқе, мазкур имтиёзларни берилишида талабаларнинг Ёшлар иттифоқи тизимида амалга оширган ишлари, фаолликлари, жамиятимиз ривожига қўшган ҳиссалари алоҳида инобатга олинди.

Маъмуржон Эргашев,

Наманган муҳандислик-технология институти талабаси.

© namangan24.uz

Cуратларни Ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши матбуот хизмати тақдим этди. 

--> -->