Бугун юртимизда, хусусан Намангандаги барча мактабларда янги ўқув йилининг биринчи қўнғироқлари чалинди. Хусусан, Наманган шаҳридаги умумтаълим мактабларида янги ўқув йили кўтаринки руҳда бошланди.

Вилоят марказининг чекка ҳудудларидан бири – Ибрат маҳалласида жойлашган 32-сонли умумтаълим мактабида Билимлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда Устоз муаллимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

"Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик" шиори остидаги тадбир аввалида давлатимиз мадҳияси янгради.

Байрам маросимини очган мактаб директори Ҳанифахон Охунова ўқитувчи ва ўқувчиларни Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги билан табриклаб, янги ўқув йилида омад ёр бўлишини тилади.

Наманган шаҳридаги “Мирҳакимбой Мирёқуббой” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммадхон Абдуллаев, мактабнинг ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Наманган вилояти бўйичп шарҳловчиси Оқилхон Дадабоев сўзга чиқиб, юртимизда сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилган улкан ўзгаришлар, давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилган Учинчи Ренессанс даврини барпо этишдан кўзда тутилган мақсад-вазифалар ҳақида сўз юритдилар.

— Ўтган ўқув йили асосан онлайн тарзда ўтди. Юртимизда коронавирусга қарши изчиллик билан олиб борилаётган чора-тадбирлар ва вакцинация жараёнлари туфайли жорий ўқув йилини анъанавий тарзда бошлаяпмиз. Мактабимизда 711 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олмоқда. Мақсадимиз шогирдларимизнинг олий таълим қамровини янада яхшилаш, янги ўқув йилида олдимизга қўйган режа ва вазифаларни ёруғ юз билан адо этиш. Таълим сифатини ошириш орқали ўқувчиларимизга чуқур билим беришдир, - дейди 32-мактаб директори, тажрибали педагог Ҳанифахон Охунова.

Дарвоқе, илм даргоҳига илк қадамини қўйган 84 нафар 1-синф ўқувчиларига 12 хил 12 хил турдаги ўқув қуроллари ва дарскликлардан иборат Президент совғалари топширилди. Янги ўқув йилининг дастлабки ойи эса “Бошланғич таълим фан ойлиги”, деб эълон қилинди.


Мактабдаги янги ўқув йили сабоқлари “Мустақиллик дарси” билан бошланди. Мактаб директори ва тарғиботчиси 7-“а” синф ўқувчилари учун муаллим Тўланбой Ҳуркиновнинг дарс жараёнини кузатдилар.


Илк сабоқда истиқлолни қўлга киритиш йўлида буюк аждодларимиз, мард ва ватанпарвар жадидчиларимиз, мустақиллик йилларида қўлга киритилган оламшумул ўзгаришлар, айниқса, кейинги беш йилдаги эришилган ютуқлар ҳақида болажонларга тушунарли ва равон тарзда сўз юритилди.

© namangan24.uz

Янгиликлар

--> -->