Хайрулло Бозоров депутат ва ҳокимларни кескин танқид қилди
Бугун – 2020 йил 30 июнь куни ўтказилган халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг еттинчи сессияси танқидий-таҳлилий руҳда кечди, депутат ва ҳокимлар фаолияти талаб даражасида эмаслиги айтилди.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошқариб борган сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26-27 июнь кунлари Наманган вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган фаоллар йиғилишида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар муҳокама этилди.
Кун тарибидаги масала юзасидан Наманган муҳандислик технология институти ректори, депутат Одилжон Маматкаримов маъруза қилди. Маърузачи давлатмиз раҳбари ташаббуси билан “Наманган тажрибаси” номи остида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилиши белгилаб берилган ишларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратди.
Музокарада сўзган чиққан депутатлар Турсунбой Файзуллаев, Сардор Рахмонов, Мамасоли Норхонов ва бошқалар Президент томонидан вилоят раҳбарияти, депутатлар, кенг жамоатчилик олдига қўйилаётган вазифалар наманганликларга нисбатан билдирилган катта ишонч ва улкан масъулият бўлиб, бу ишончни оқлаш учун барча ўз вазифасига фидойилик билан ёндашиши, ҳамжиҳатлик зарур эканлиги таъкидладилар.
-Афсуски, биз ҳозир муҳтарам Президентимиз билдирган ишонч ва эътиборга муносиб фидойиликни намоён эта олмаяпмиз, - деди маърузачи ва музокарада чиққанларнинг фикр-мулоҳазаларидан кўнгли тўлмаган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров. – Депутатларимизда, ҳокимлар, уларнинг ўринбосарларида ғоя, ташаббус, ғайрат етишмаяпти. Кенгашлар фаолиятида ўзгариш давр талабига мос ва хос ўзгаришлар сезилмаяпти. Уйғонмасак, бундай мудроқ кайфият, руҳият билан давлатимиз раҳбари халқни рози қилиш борасида олдимизга қўяётган вазифаларни адо этиш, кўзлаган эзгу мақсадларимизга эришиш мушкул.
Дарҳақиқат, мамлакат Президенти вилоятимизга ташрифи чоғида ўтказган видоселектор йиғилиши давомида ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда депутатлар, кенг жамоатчилик вакилларининг назорати муҳим ўрин тутишини бежизга бир неча бор алоҳида таъкидламади. Демак, депутатнинг овози халқ овози бўлиши керак. Депутат чинакамига ёниб, талабчан ва ташаббускор бўлиши шарт.
Сессияда Наманган шаҳар кенгашининг 2020 йил 29 июндаги “Наманган шаҳридаги 25 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларини янги ташкил этилган Давлатобод тумани таркибига ўтказиш ҳақида”ги қарори ҳам муҳокама қилинди.
Танқидий-таҳлилий ва ишчан руҳда ўтган сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва аниқ вазифалар белгилаб олинди.
© namangan24.uz