Халқаро ўқ отиш спорти федерациясидан юртимиз, хусусан, вилоятимиз аҳли учун хушхабар тарқалди. Халқаро ташкилот Ўзбекистон делегацияси томонидан “Токи-2020” ёзги Олимпия ўйинлари учун лицензия қўлга киритилганлигини эълон қилди.

Ҳар тўрт йилликнинг нуфузли мусобақага пневматик милтиқдан ўқ отиш дастурларида 10 метр масофада ва учта позициядан 50 метр масофада милтиқдан ўқ отиш баҳсларида тўплаган юқори баллари учун Олимпия ўйинлари йўлланмасига сазовор бўлган наманганлик моҳир мерган Мухтасар Тоҳированинг ғалабаси барча спорт ихлосмандлари қалбида фахр ва ғурур уйғотди.

2000 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган Мухтасар спортдаги фаолиятини Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгашининг пневматик қуролдан ўқ отиш секциясида бошлаган. Машғулотларни маҳоратли мураббий Муҳаббат Кондакова қўл остида олиб борган. У ўқ отиш спорти бўйича дастлаб шаҳар, вилоят ва Республика мусобақаларида, сўнгра халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллади. 2015 йили Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилинди.

У 2014-2018 йиллар давомида бир қатор мамлакат чемпионати ва кубоги мусобақаларида, шунингдек, Германия, Озарбайжон, Қозоғистон давлатларида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги баҳсларида ҳамда халқаро турнирларда 17 марта ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Таъкидлаш жоизки, моҳир мерган қиз лицензияни қўлга киритиш даврида ҳам ўз устида астойдил интилди. Хусусан, 2019 йил Қатарнинг Доха шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати ва Германиянинг Зуль шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юқори натижаларга эришди. Жорий йилнинг апрель ойи Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда 10 метр масофада кечган дастурда ҳам ғалаба нашидасини сурди.

“Ватанпарвар” ташкилотида тобланган иқтидорли спортчи қиз, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Мухтасар Тоҳировани ажойиб муваффақияти билан табриклаб, зафарли одимлари Олимпия чемпиони сифатида Япониядаги нуфузли ареналарда давом этишини, Ватанимиз байроғини баланд хилпаратишини тилаймиз.

Оқилхон Дадабоев,
© namangan24.uz

--> -->