Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тури доирасида Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси сафарда “Олимпик” жамоаси билан куч синашди. Тошкентдаги “Жар” стадионида бўлиб ўтган мазкур ўйин анча қизиқарли тарзда, кескин курашлар остида кечди. 
Учрашувнинг 19-дақиқасида "Лочинлар"нинг ажойиб ҳужумидан сўнг, ҳисоб очилди. Грузиялик легионер Тома Табатадзенинг чап қанотдан йўллаган зарбасини рақиб дарвозабони Шукрон Йўлдошев тўпни қайтарди. Қайтган тўпни Жамшид Болтабоев боши билан дарвозага аниқ йўллади - 0:1.
Ўтказиб юборилган тўпдан сўнг, мезбонлар мувозанатни тиклашга ҳаракат қилиб, ҳужумни кучайтиришди. Мезбонлар ҳужумларидан бирида, "Навбаҳор" посбони Элдорбек Суюнов рақиб футболчига нисбатан қўполлик ишлатгани учун учрашув бош ҳаками Найим Қосимов наманганликлар дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини "Олимпик" аъзоси Фаррухбек Мухторов голга айлантирди  - 1:1.
Учрашувнинг 2-бўлими ҳам қизиқарли тарзда кечди. Иккинчи 45 дақиқаликда устунлик кўпроқ Сергей Лушан шогирдлари тарафида бўлди ва улар ҳужумни анча кучайтиришди. Бу уринишлар ниҳоят, 72-дақиқада ўз самарасини бериб, захирадан майдонга туширилган эронлик ярим ҳимоячи Сияваш Ҳақназарининг чап қанотдан жарима майдончаси ичига ҳаволатиб етказиб берган тўпини Жамшид Болтабоев боши билан дарвозага аниқ йўллаб, ўз "дубл"ини нишонлаган ҳолда, "Навбаҳор"га муҳим ғалабани келтирди - 1:2.
Шу тариқа, совринли ўринлар учун курашаётган "Лочинлар" 2:1 ҳисобида зафар қучиб, очколар сонини 36 тага етказиб, бешинчи ўринда боришмоқда. Футболчилар 3, 4-ўринлардаги "Сўғдиёна" ва "Пахтакор"га яқинлашиб олишди.
Улуғбек Умаров.
© namangan24.uz

--> -->