Жорий мавсумни мамлакат чемпионатида бронза медал билан якунлаган Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасининг 2024 йилдаги статистик маълумотлари кўпчиликни қизиқтириши табиий.
“Лочинлар” Суперлига – 2024да республикамизнинг энг кучли учта жамоасидан бирига айланиши замирида, албатта, вилоят ҳокимининг амалий кўмаги, қолаверса, клуб раҳбарияти, жамоа мураббийлар штаби ва футболчиларнинг улкан меҳнатлари самараси ётибди.


Маълумки, ғалаба қозонишда голлар ҳамда ассистларнинг ўрни беқиёс. Хўш, “Навбаҳор”нинг якунланган мавсумдаги голларига кимлар муаллифлик ҳамда ассистентлик қилишди?
Клуб матбуот хизматининг қайд этишича, наманганлик футболчилар Суперлига баҳсларида рақиблар дарвозасига 42 та гол уришди. Ушбу голларга эса 14 нафар футболчи муаллифлик, 10 нафари эса ҳаммуаллифлик қилишди. 
Шунингдек, 10 нафар жамоа аъзолари ҳам дарвозаларга тўп киритиб, ҳам голларга ассистентлик қилишганини ҳам айтиш лозим.
Голлардан 8 таси пенальтидан, айримлари эса жарима зарбалари, шунингдек, рақиб футболчилари ёки дарвозабонлари, баъзи ҳолатларда эса дарвоза устуни ёки тўсинидан қайтган тўплардан сўнг, урилганини ҳам таъкидлаш жоиз. 
Мавсум-2024да “Навбаҳор”нинг голларига муаллифлик ва ассистентлик қилган футболчиларнинг  тўлиқ рўйхати эса қуйидагича кўринишга эга:


1.Тома Табатадзе – 10 та гол, 2 та “пас”;
2.Жамшид Искандеров – 7 та гол, 4 “пас”;
3.Сияваш Ҳақназари – 5 та гол, 2 та “пас”;
4.Жамшид Болтабоев – 3 та гол, 2 та “пас”;
5.Русланбек Жиянов – 1 та гол, 4 та “пас”;
6.Йован Жокич – 4 та гол;
7.Саидазамат Мирсаидов – 2 та гол, 2 та “пас”;
8.Азимжон Аҳмедов, Гиорги Никабадзе – 2 та гол, 1 та “пас”;
9.Фаррух Сайфиев, Аброрбек Исмоилов – 1 та гол, 2 та “пас”;
10.Филип Иванович – 2 та гол;
11.Одилжон Ҳамробеков – 1 та гол, 1 та “пас”;
12.Комилжон Тожидинов – 1 та гол.

Шу ўринда, “Навбаҳор”нинг якунланган мавсумда пенальтилар борасидаги рақамлари миллионлар ўйини ихлосмандлари эътиборини тортиши шубҳасиз. Суперлига – 2024 мавсумида учрашув ҳакамлари “Лочинлар” дарвозасига 4 та ўйинда 11 метрли жарима зарбаси белгилашди.
“Лочинлар” дарвозасига сафар баҳсларидаги “Насаф” (5-тур), “Сўғдиёна” (7-тур), “Олимпик” (23-тур) ва Намангандаги “Бунёдкор” (16-тур) жамоаларига қарши кечган ўйинларда пенальтилар белгиланди ҳамда ушбу 11 метрли жарима зарбаларини Абдувоҳид Неъматов (“Насаф”), Лупчо Дориев (“Сўғдиёна”), Темурхўжа Абдухолиқов (“Бунёдкор”) ва Фаррухбек Мухторов (“Олимпик”)лар аниқ амалга оширишди. 
Мазкур учрашувларнинг иккитасида пенальтилар ўйин натижасига таъсир ўтказгани йўқ ҳамда вакилларимиз “Сўғдиёна” ва “Олимпик” жамоаларини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди. 
“Бунёдкор” билан кечган беллашув жанговар дуранг - 2:2 ҳисобида якунланган бўлса, “Насаф” Неъматовнинг аниқ амалга оширган пенальтиси ҳисобига 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ҳакамлар томонидан “Навбаҳор” фойдасига 9 та 11 метрли жарима зарбаси белгиланди ҳамда ушбу пенальтилардан 5 тасини грузиялик ҳужумчи Тома Табатадзе, 3 тасини Жамшид Искандеровлар аниқ амалга оширишди. Яна битта 11 метрли жарима зарбасидан эса Табатадзе фойдалана олмади. 
Учрашув ҳакамлари “лочинлар”нинг ўз майдонидаги “Динамо” (1-тур, 3:1), “Сурхон” (4-тур, 2:2), “Қизилқум” (12-тур, 0:0), “Бунёдкор” (16-тур, 2:2) ва “Андижон” (26-тур, 3:3), сафар беллашувларидаги “Бунёдкор” (3-тур, 2:2), “Сўғдиёна” (7-тур, 2:1 ҳисобида жамоамиз ғалаба қозонган), “Нефтчи” (21-тур,2:2) ҳамда “Қизилқум” (25-тур, 5:1 ҳисобида жамоамиз ғалаба қозонган) жамоалари билан кечган ўйинларида рақиблар дарвозасига пенальтилар белгилашди. 
"Навбаҳор" жамоаси ушбу учрашувлардан 3 тасида ғалаба қозонган бўлса, қолган ўйинларда дуранг натижалар қайд этилди.
© namangan24.uz

--> -->