Бугун (2019 йил 4 май, шанба куни) Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда Ўзбекистон суперлигасининг 7-тури доирасида старт олган “Навбаҳор”-“Сўғдиёна” учрашуви ҳозиргина якунланди. Қизиқарли баҳсда “Лочинлар” 3:1 ҳисобида ғалабага эришди.

 

Ушбу учрашув наманганлик мухлислар учун чинакамига катта футбол байрамига айланди. Ўйин бошланишидан уч-тўрт соат аввал стадион ишқибозлар билан тўлди. Боиси, “Навбаҳор” футболчилари стадиондаги яшил майдонни таъмирлаш ишлари олиб борилиши сабабли ўз уйида 7-турга келибгина илк учрашувларини ўтказишларига тўғри келди.

 

Беллашувдан олдин таниқли эстрада юлдузлари ва сўз усталари иштирокидаги концерт дастури ҳамда тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

 

Даставвал, майдонга Наманган вилоятининг халқаро спорт мусобақаларда ғолиб чиқиб, двруғини юксалтирган ёш чемпионлар таклиф этилиб, улар бирма-бир эътироф этилди. Бутун стадион ўзининг мард ва жасур ёшлари борлигидан ғурурланиб, қарсаклар оғушида олқишлаб турди.

 

Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, йиғилганларни катта футбол байрами билан табриклаб, эзгу тилакларини билдирди. Наманганда футболни ривожлантириш борасида бир қатор етакчи хорижий клублар, шу жумладан Франциянинг "Лион" клуби билан ҳамкорлик қилинаётганлигини қайд этди. Стадионда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталиб, кенг кўламли саъй-ҳаракатлар қилингани, хусусан, захира майдонида ҳам 6200 ўринли ўйингоҳ барпо этилганлигини таъкидлади.

 

Маросимда иштирок этган Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари Умид Аҳмаджонов Наманган футболсеварлар вилояти эканлигини алоҳида эътироф этди. Спортга, айниқса, футбол оммавийлигини оширишдаги муносиб ҳиссалари учун вилоят раҳбари Хайрулло Бозоровни махсус кубок билан тақдирлади. Профессионал боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев, яқинда аёллар бокси бўйича Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритган Шаҳноза Юнусовага қимматбаҳо совғаларни топширди.

 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янграб, жамоалар майдонга саф тортишди. Бош ҳакам Виктор Серазитдиновнинг ҳуштаги янграб, ўйинга старт берилди.

 

Учрашув “Навбаҳор”нинг шиддаткор ҳужумлари билан бошланди. Биринчи тайм мезбонларнинг тўлиқ устунлигида ўтди. Тўп учун кураш асосан жиззахликларнинг жарима майдончаси ичида кечди.

 

Тезор ҳужумлар ташкил этган “Навбаҳор”чилар шунга яраша тезкор гол уришди. “Лочинлар”нинг болқонлик легионери Славко Лукич 7-дақиқада белгиланган жарима тўпини қойилмақом тарзда ижро этиб, ҳисобни очди.

 

Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас ўртадаги тавофут иккитага оширилди. Иқтидорли ярим ҳимоячи Мирзоҳид Ғофуровнинг чап қанотдан ҳаволатиб узатган тўпни қабул қилган Александр Касьян “Сўғдиёна” дарвозасига боши билан жойлаб қўйди.

 

Учрашувнинг 32-дақиқасига келиб, ишқибозлар учинчи голга шоҳид бўлдилар. Яна бир бор “катта саҳна”га чиққан Александр Касьян маҳоратли шериги Иван Соловьёвнинг чап қанотдан узатган “паси”дан кейин ўзининг севимли услубида рақиб дарвозасини ишғол этди.

 

Иккинчи бўлимни катта фарқ билан бошлаган майдон эгалари 65-дақиқага келиб, ўйин тизгини бироз пасайтиргандек кўринди. Бу ўз навбатида меҳмонларга қўл келиши муқаррар эди. Шу мақсадда жиззахлик футболчилар ҳисобни қисқартириш пайидан бўлишди. Бироқ ҳа деганда, кўзланган режа амалга ошмади. Бир қатор ташкил этилган ҳужумлар “Навбаҳор” посбони Ўткир Юсупов ва мустаҳкам “мудофаа қўрғони”ни қурган ҳимоячилар томонидан бартараф этилди. Фақатгина ўйиннинг 90-дақиқасида Санжар Рашидовнинг “Навбаҳор” дарвозасига киритган тўпи “Сўғдиёна” жамоасини йирик ҳисобидаги мағлубиятдан қутқариб қолди, холос!

 

Шу тариқа, ўз майдонидаги илк учрашувда ғалабасини нишонлаган “Навбаҳор” жамоаси суперлигадаги мавқеини мустаҳкамлаб олди. Айни пайтда, "Навбаҳор"чилар супрлига жадвалида 11 очко тўплаган ҳолда 3-ўринга кўтарилиб олишди.

Оқилхон Дадабоев,

© namangan24.uz

--> -->