Наманганнинг "Навбаҳор" жамоасининг уй стадиони - Давлатобод туманидаги "Марказий" стадионда кечадиган Суперлига, кубок ҳамда халқаро мусобақалардаги учрашувлари учун чипталарнинг онлайн сотуви йўлга қўйилади.

Бу ҳақида Наманган шаҳрида янги очилган "IT PARK" маркази очилишида “Tech Data Soft” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Содиқов вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан мулоқотда айтиб ўтди.



Тадбиркор дастурчининг қайд этишича, ҳозирги вақтда Наманган вилояти ҳокимлиги буюртмасига асосан “Навбаҳор” профессионал футбол клубининг ўйинлари учун онлайн чипталар савдосини йўлга қўйиш мақсадида махсус мобил иловани яратиш устида иш олиб бормоқда.

Етти ёшдан 70 ёшгача барча учун тушунарли ва осон бўладиган мазкур платформа ёрдамида “Лочинлар”нинг Суперлига, кубок ўйинлари ҳамда халқаро мусобақалардаги учрашувлари учун чипталарни қулай тарзда харид қилиш имкони туғилади. Бу ўз навбатида, стадион касалларида навбат кутиб туриш, айниқса чипталарни қиммат нархда сотиш каби қийинчикларга чек қўяди.

© namangan24.uz

--> -->